Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Қонун лойиҳалари муҳокама қилинди
2017-08-14 | Жамият
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Халқ демократик партияси, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, "Адолат" социал-демократик партияси, "Миллий тикланиш" демократик партияси фракцияларининг навбатдаги йиғилишлари бўлиб ўтди.
Фракция аъзолари, экспертлар, тегишли вазирлик, идоралар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этган йиғилишларда қатор қонун лойиҳалари иккинчи ўқишда кўриб чиқилиб, муҳокама қилинди. «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги, «Болалар соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан уларни ҳимоя қилиш тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисида»ги, "Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида"ги қонун лойиҳалари шулар жумласидандир.
– Ҳозир юридик ва жисмоний шахсларнинг давлат органларига мурожаатлари 2014 йилда қабул қилинган «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонун билан тартибга солинади, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси Бунёд Эшонқулов. – Бироқ ушбу қонун соҳадаги умумий масалаларни тартибга солса-да, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашдаги ҳуқуқий механизмларни тўлиқ очиб бермаган. Яъни «ишонч телефонлари» орқали мурожаатлар, видеоконференцалоқа ёрдамида фуқароларни қабул қилиш, жойларда халқ билан мулоқот ўтказиш каби замонавий ҳамда интерактив услубларни жорий қилишга қаратилган нормалар белгиланмаган. Бу борадаги миллий қонунчиликни янада такомиллаштириш, замон талаблари асосида қайта кўриб чиқиш, албатта, партиямиз электорати манфаатларига мос келади.
– «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисида»ги қонун лойиҳаси 28 та моддадан иборат, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси аъзоси Дилмурод Бабашов. – Бу қонун лойиҳаси орқали тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, уни лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод этиш тартиби, унинг асосий вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари тартибга солинган.
– "Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида"ги қонун лойиҳасида давлат органлари ва муассасалари ўзлари қабул қилган ҳуқуқий ахборотларни расмий манбалардан ташқари веб-сайтлар ва бошқа манбаларда ҳам эълон қилиши мажбурий қилиб белгиланмоқда, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, "Адолат" социал-демократик партияси фракцияси аъзоси Улуғбек Самадов. – 20-моддада давлат органининг расмий веб-сайтига жойлаштирилган ҳукуқий ахборот ишончли бўлиши кераклиги, у оммавий ахборот воситаларида эълон қилинадиган ахборот билан бир хил кучга эга эканлиги белгиланган. Шундан келиб чиқиб, биз мазкур қоидани "Норматив-ҳуқукий ҳужжатлар тўғрисида"ги қонуннинг 29-моддаси билан мувофиқлигини қайта кўриб чиқиш таклифини билдирдик.
– "Болалар соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан уларни ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонун лойиҳаси болаларни зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш ва ахборот олиш кафолатларини таъминлаш бўйича ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий шарт-шароитларни яратади, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, "Миллий тикланиш" демократик партияси фракцияси аъзоси Шуҳрат Тўхтабоев. – Болаларни руҳиятига зарар етказувчи таъсирлардан ҳимоя қилиш, уларга зиён етказувчи ахборот тарқатилишининг олдини олиш, чеклаш ёки тақиқлаш фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, жисмоний ва юридик шахслар фаолиятини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади. Мазкур қонун лойиҳасини ялпи мажлисда муҳокамага киритиш бўйича қарор қабул қилинди.
Манба: ЎзА