Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Медиа тур: цемент заводида
2017-08-14 | Иқтисодиёт
«Саноат корхоналарининг энергия самарадорлигини ошириш» медиа турининг учинчи куни иштирокчилар “Қизилқумцемент” акциядорлик жамиятига ташриф буюрдилар.
Бу ерда ҳам иштирокчилар заводининг ишлаб чиқариш жараёнини модернизациялаш ва сарфланаётган энергия ҳажмини камайтириш борасида эришилган ютуқлари билан танишишди.
Хозирда “Қизилқумцемент” АЖда медиа тур дастурида белгиланган 19 та сублойиҳадан саккизтаси амалга оширилмоқда. Тадбир иштирокчилари частота ўзгартиргичлар, замонавий компрессорлар, автоматлашган тарози билан таъминланган дозалагич, автоматлашган ҳом ашёни узатиш ва дозалаш тизими, конус майдалаш машиналари, замонавий штабел тахловчи ускуналар ҳамда тегирмон сепараторлар ишлаши билан танишиб ўтдилар.
Ускуналар умумий қиймати 17,6 миллион АҚШ долларга тенг бўлиб, ундан 12 миллиондан ортиқ маблағи халқаро кредит ҳисобидан амалга оширилди.
Ускуналарнинг асосий қисми ишга туширилгани боис, завод мутахассислари Иқтисодиёт вазирлиги хамда оммавий ахборот воситалари вакилларини мазкур ишлаб чиқариш ҳудудига таклиф қилиб, иш жараёнини кўрсатишди.
Таъкидлаб ўтиш жоизки, дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, сублойиҳаларнинг муваффақиятли амалга оширилиши натижасида йилига 20,3 млн. кВт/с электр энергия ва 18,8 млн. куб.м. табиий газ тежалади. Ушбу кўрсаткичлар, ўз навбатида, ишлаб чиқариш ҳаражатларини камайтиришга ва корхона даромадини оширишга олиб келади. Бу энергия самарадор сублойиҳаларни амалга ошириш чора-тадбирларининг иқтисодий афзалликлари юқори даражада таъсирга эгалигини кўрсатади.
“Қизилқумцемент” акциядорлик жамияти ўз соҳасида энергия самарадорлигига эришган энг илғор корхоналаридан бири ҳисобласа бўлади. Иқтисодиёт вазирлиги ва Жаҳон банк ҳамкорлигида «Саноат корхоналарининг энергия самарадорлигини ошириш» лойиҳаси доирасида олиб борилаётган модернизациялаш ишларидан ташқари, корхона ИСО 50001 энергоменеджмент стандарти сертификатига эга бўлиб, янги энергия ресурсларини бошқариш стратегиясини жорий қилмоқда.
Медиа тур фаолиятини давом эттирмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги