Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Қурувчилар байрами нишонланди
2017-08-11 | Жамият
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 7 августдаги “Ўзбекистон Республикаси қурилиш соҳаси ходимлари кунини нишонлаш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, 2017 йилдан бошлаб август ойининг иккинчи якшанбаси “Ўзбекистон Республикаси қурилиш соҳаси ходимлари куни”, деб эълон қилинди. Шу муносабат билан пойтахтимизда тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирга уста бинокорлар, меъмор ва лойиҳачилар, пудратчи ташкилотлар вакиллари, меҳнат фахрийлари, соҳа илғорлари таклиф этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз қурилиш соҳаси ходимларига йўллаган табригини Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов ўқиб эшиттирди.
Қурилиш соҳасини ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар самарасида бугун қурилиш индустрияси миллий иқтисодиётни модернизация ва диверсификация қилиш, аҳоли турмуш фаровонлигининг ошиб боришини таъминлашда муҳим тармоқлардан бирига айлангани қайд этилди. Пудрат ташкилотлари сони қарийб 24 мингга етгани, 31 бош лойиҳа институти ва мингга яқин лойиҳа ташкилотлари фаолият кўрсатаётгани, уч архитектура ва қурилиш институти билан бир қаторда 12 олий таълим муассасаси ҳамда 390 касб-ҳунар коллежида соҳа учун мутахассислар тайёрланаётгани қурилиш саноатининг изчил тараққиётида муҳим омил бўлаётир.
Бунёдкорлик бизга аждодлардан мерос. Амир Темур бобомизнинг “Бизнинг куч-қудратимизга шубҳа қилсангиз, биз қурган иморатларга боқинг” деган пурмаъно жумласи замирида ҳам ана шу ҳақиқат ўз аксини топган. Истиқлол йилларида азим пойтахтимиздан тортиб энг чекка қишлоқларнинг қиёфасини тамоман ўзгартирган бино ва иншоотлар бинокорлик борасидаги миллий анъаналаримиз давом этаётгани, соҳага замонавий билим ва тажрибалар кенг татбиқ этилаётганидан далолат беради.
Давлатимиз раҳбарининг шу йил 1 майдаги «Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори архитектура ва қурилиш фаолиятини диверсификациялашда ҳаракат дастурига айланди. Мазкур ҳужжатларга мувофиқ, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасининг архитектура ва шаҳарсозлик соҳасида ягона давлат ва илмий-техникавий сиёсатни олиб бориш жараёнидаги ролини ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб берилди.
Манба: ЎзА