Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Энергия самарадорлиги – ривожланиш омили
2017-08-10 | Иқтисодиёт
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Жаҳон банки гуруҳи ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Саноат корхоналарининг энергия самарадорлигини ошириш” лойиҳаси доирасида Самарқанд, Навоий ва Қашқадарё вилоятлари бўйлаб медиа-тур ташкил этилди.
Мазкур лойиҳа йирик саноат корхоналарида энергияни тежаш йўли билан ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш, ички ва ташқи бозорда маҳаллий маҳсулотлар рақобатбардошлигини ошириш орқали барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашга қаратилган.
Лойиҳа доирасида юртимиздаги 30 дан ортиқ саноат корхонасида Жаҳон банки Халқаро тараққиёт уюшмаси ва Ўзбекистон тижорат банклари томонидан ажратилган имтиёзли кредитлар ҳисобига хориждан замонавий технология ва ускуналар келтириб ўрнатилди, электр энергияси ва табиий газ истеъмоли ҳажмини қисқартиришга эришилди.
“Каттақўрғон ёғ-мой” акциядорлик жамиятида 2014 йилда лойиҳа асосида Италиянинг “Iсi Сaldaie” компаниясидан энергия тежамкор иккита буғ қозони келтириб ўрнатилди. Умумий қиймати 965 минг доллар бўлган ускуналарнинг 772 минг доллари Халқаро тараққиёт уюшмаси кредити ҳисобидан, қолган қисми “Асака” банкнинг Афросиёб филиали томонидан тўлаб берилди.
Мазкур лойиҳа ташкилотчилари ва иштирокчилари, экспертлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакилларидан иборат медиа-тур қатнашчилари дастлаб “Каттақўрғон ёғ-мой” акциядорлик жамиятида бўлиб, лойиҳани амалга ошириш жараёни билан танишди.
– Корхонамизда лойиҳа асосида умумий қуввати 250 кВт бўлган иккита замонавий буғ қозони 2014 йил 1 сентябрь куни ишга туширилди, – дейди “Каттақўрғон ёғ-мой” акциядорлик жамияти бош директори Д.Кунаров. – Бунгача эса соатига 35 тонна буғ ишлаб чиқарадиган 360 кВтли қозонлардан фойдаланар эдик. Янги ускуналар ўрнатилиши натижасида соатига 110 кВт электр энергиясини тежашга эришилди. Агар буни бир йиллик истеъмол билан ҳисоб-китоб қиладиган бўлсак, 665,2 минг кВт соат ёки 127 миллион сўм иқтисод қилингани ойдинлашади. Табиий газ истеъмолидан эса бир йилда 988 минг куб метр ёки 243 миллион сўм тежаб қолинди. Иқтисод қилинган ушбу маблағлар корхонада модернизация ишлари кўламини кенгайтириш, замонавий технологияларни жорий этишга йўналтирилмоқда. Лойиҳада иштирок этиш баробарида жорий йилда юртимизда фаолият кўрсатаётган ёғ-мой корхоналари орасида биринчи бўлиб энергия самарадорлигига йўналтирилган энергоменежмент тизими ва энерготежамкорлик бўйича халқаро ISO 50001:2011 сертификатини қўлга киритдик.
Медиа-тур қатнашчилари корхонада энергия тежамкор ускуналардан фойдаланиш тизими ва унинг самараси, ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан танишиб, ўзларини қизиқтирган саволларга лойиҳа иштирокчилари ва экспертлардан атрофлича жавоб олди.
Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда шу каби замонавий буғ қозонхоналари “Урганч ёғ-мой”, “Учқурғон ёғ-мой” ва “Тошкент ёғ-мой комбинати” акциядорлик жамиятлари корхоналарида ҳам ўрнатилган. Бунинг натижасида дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, йилига 0,9 миллион кВт соат электр энергияси ва 2 миллион куб метр табиий газ тежалмоқда. Шу билан бирга, ёғ-мой комбинатларида қозон агрегатларининг барқарор ишлашини таъминлаш ҳамда заҳарли чиқиндилар ҳажмини камайтиришга эришилмоқда.
– Медиа-турдан кўзланган асосий мақсад “Саноат корхоналарининг энергия самарадорлигини ошириш” лойиҳасини амалга ошириш жараёнлари билан журналистларни, улар орқали халқимизни кенг таништириш, йирик саноат корхоналарида энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш тажрибаси ҳамда энергия самарадорлигига инвестиция йўналтиришнинг афзалликларини кўрсатишдан иборат, – дейди лойиҳанинг жамоатчилик билан алоқалар бўйича мутахассиси Дария Кудабаева. – Иштирокчилар бу борада жуда кўплаб маълумотларга эга бўлди. Умуман, беш кунлик медиа-тур давомида иштирокчилар 19 сублойиҳанинг натижалари, уларнинг афзалликлари билан яқиндан танишади.
Бугунги кунга келиб, мамлакатимизда лойиҳа доирасида энергия самарадорлигини ошириш бўйича 82 сублойиҳа амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳаларнинг муваффақиятли бажарилиши йилига 500 миллион кВт соат электр энергияси ва 187,7 миллион куб метр табиий газни тежаш имконини беради.
Манба: ЎзА