Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
АҚШ-Ўзбeкистон олимларининг иккинчи халқаро конфeрeнцияси ҳақида маълумот
2017-08-09 | Жамият
Мамлакатимиз тараққиётининг бош омиллардан бири жамият истиқболини белгилайдиган ва замон талабларига жавоб берадиган таълим тизимини ривожлантириш масаласидир.
Ушбу маънода Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 апрелдаги «Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ- 2909- сон қарори олий таълим тизимини тубдан такомиллаштириш, кадрлар тайёрлашнинг маъно-мазмунини тубдан қайта кўриб чиқиш, халқаро стандартлар даражасида олий малакали мутахассислар тайёрлаш учун зарур шароитлар яратиш мақсадида олий таълим тизимини келгусида янада такомиллаштириш ва комплекс ривожлантириш каби устувор йўналишлар белгиланган. Айниқса, олий таълим тизимини комплекс ривожлантириш Дастурини тузишда хорижий етук мутахассисларни жалб этиш, олий таълим тизимини келгусида ҳар бир олий таълим муассасаси томонидан хориждаги етакчи турдош илмий-таълим муассасалари билан истиқболли ҳамкорлик алоқаларини яқиндан йўлга қўйиш, ўқув жараёнига халқаро таълим стандартларига асосланган энг замонавий педагогик технологиялар, таълим дастурлари ва ўқув-методик материалларни кенг жорий этиш, илмий-педагогик фаолиятга юқори малакали чет эл ўқитувчилари ва олимларини жалб этиш комплекс ривожлантиришнинг энг муҳим вазифалари этиб белгиланиши ҳамда ҳар бир олий таълим муассасасининг 2017 2021 йилларга мўлжалланган аниқ ва манзилли ривожлантириш дастурларнинг қабул қилиниши алоҳида эътиборга моликдир.
Ҳеч шубҳасиз, бугун ўз ишини бошлаётган мазкур йирик халқаро илмий анжуман ҳам ушбу қарор мазмун-моҳияти ва вазифалари билан ҳамоҳанг тарзда олий таълим соҳасидаги халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, илмий алоқаларни мустаҳкамлаш борасидаги ўта аҳамиятли тадбирдир.
Урганч давлат университети ва Калифорния давлат университети (Фуллертон шаҳридаги) ўртасида 2011 йилда ҳамкорлик меморандуми имзоланган бўлиб, ушбу меморандум Ўзбекистон ва АҚШ Давлатлари ўртасида 2010 йилда имзоланган илмий-техник ҳамкорлик тўғрисидаги келишув доирасида амалга оширилган. Имзоланган ушбу меморандум асосида Калифорния Давлат университети раҳбарияти ва профессор-ўқитувчиларидан иборат делегация 2012 йилда Ўзбекистонга ташриф буюриб, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида бўлиб И.Мажидов ва Ё.Иргашевлар билан учрашдилар. Бундан ташқари, Ўзбекистон Миллий Университети, М.Г.Плеханов номидаги Россия Иқтисодиёт академиясининг Тошкентдаги филиали, Ўзбекистон Давлат Консерваторияси, Тошкентдаги Турин Политехника университети ва Хоразм Маъмун академиясида бўлиб ҳамкорлик қилиш бўйича учрашувлар ўтказдилар. Ушбу ташриф натижасида 2014 йил 20 – 23 май кунлари АҚШ – Ўзбекистон олимларининг биринчи халқаро конференцияси Калифорния Давлат университетида ўтказилди. Ушбу конференцияда Ўзбекистоннинг 20 нафардан ортиқ математик, физик, химик ва биолог олимлари ва талабалари ўзларининг маърузалари билан иштирок этдилар. Бундан ташқари, конференция давомида «Ўзбекистон кунлари» деб номланган видео ва фото кўргазма бўлиб ўтди ва ушбу кўргазма Ўзбекистоннинг АҚШ даги элчихонаси томонидан ташкил этилди. АҚШ – Ўзбекистон олимларининг иккинчи халқаро конференцияси 2017 йил 8 12 август кунлари Урганч давлат университетида ўтказилиши режалаштирилмоқда. Ушбу конференция Урганч ва Хива шаҳарларида бўлиб ўтиб, конференция давомида, «Хоразм қовунлари» сайли ва АҚШ маданияти кунлари каби тадбирларни ўтказиш режалаштирилмоқда. Ушбу конференцияга дунёнинг 50 нафардан ортиқ олимларининг ташрифи режалаштирилмоқда, жумладан: АҚШдан 21 нафар, Жанубий Кореядан 4 нафар, Россиядан 3 нафар, Қозоғистондан 3 нафар, Ҳиндистондан 3 нафар, Хитойдан 2 нафар, Италиядан 2 нафар, Полшадан 2 нафар ва Франция, Малайзия, Туркия каби давлатлардан олимларнинг ташрифи режалаштирилмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги