Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Қорақалпоғистон Республикасида республика идоралари раҳбарлари халқ билан мулоқотда бўлди
2017-08-07 | Жамият
Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йилнинг мамлакатимизда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилиниши муносабати билан жойларда ислоҳотларнинг бориши билан яқиндан танишиш, қабул қилинаётган қонун ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини ўрганиш ҳамда аҳолининг талаб ва таклифларини эшитган ҳолда келгуси вазифаларни белгилаб олиш муҳим аҳамият касб этади.
Жумладан, давлат органларининг фуқаролар билан ўзаро муносабатлари тубдан қайта кўриб чиқилиши, бу борада аҳоли билан доимий мулоқот ўрнатиш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг янги механизмлари ва самарали усулларини жорий қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу мақсадда, жорий йилнинг 2 4 август кунлари Қорақалпоғистон Республикасида ҳам Республика идоралари раҳбарлари ва масъул ходимлари томонидан халқ билан мулоқот ўтказилди. Уларнинг дастури “Адолатли жамият қуриш ҳамда фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида коррупсияга қарши кураш муаммолари”га қаратилди.
Халқ билан учрашувларда Адлия вазири ўринбосари А. Усманов, шунингдек, вазирлик бошқармаси бошлиғининг ўринбосарлари
Н. Муҳаммадиев, А. Мадаминов, Қорақалпоғистон Республикаси адлия вазири Ж. Садыков, вазирнинг биринчи ўринбосари А. Атажановлар Тўрткўл, Тахтакўпир, Шуманой ва Нукус туманларида сайёр қабуллар ўтказишди.
Юқорида қайд этиб ўтилган туманларда ўтказилган сайёр учрашувларда аҳоли томонидан бевосита Адлия вазирлигига жами 119 та ёзма равишдаги мурожаатлар келиб тушди. Шундан 12 таси жойида ҳал этилган, бундан ташқари 107 таси кўриб чиқилмоқда.
Ушбу мурожаатларни турларга таснифлаб таҳлил қилганда, 1 та коррупсияга оид, 9 та уй-жой ва ер, 11 та моддий ёрдам, 3 та соғлиқни сақлаш, 13 та иш ва иш ҳақи, 8 та тадбиркорлик, 7 та электр ва газ таъминоти бўйича, 10 та банк кредит, 6 та ҳуқуқий идоралар ва суд қабул қилган қарорлардан норозилик, 18 та оила ва маҳалла, 6 та паспорт-виза ва 27 та бошқа масалалар ташкил этади.
Шу билан бир қаторда, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори И.Б.Абдуллаев томонидан Нукус шаҳри, Қўнғирот, Муйноқ, Қанликўл туманларида, Ўзбекистон Республикаси Олий Суди Раиси К.Ф.Камилов томонидан Нукус шаҳри, Кегейли, Шуманой ва Беруний туманларида, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири А.А. Азизов томонидан Нукус шаҳри, Қораўзак, Қанликўл, Амударё туманларида, Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси раиси М.В.Тохирий томонидан Амударё, Қўнғирот, Хўжайли туманларида, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси Б.Р.Парпиев томонидан Нукус шаҳри, Чимбой, Қўнғирот ва Элликқалъа туманларида халқ билан учрашувлари бўлиб ўтди.
Мазкур учрашувлар таассуротларга бой ва қизғин ўтди ва аҳоли томонидан шундай учрашувларнинг тез-тез бўлиб туриши ижобий натижаларга олиб келиши алоҳида таъкидлаб ўтилди ҳамда давлатимиз раҳбарига шундай тадбирларни ташкил этгани учун чуқур миннатдорчилик билдириб ўтилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги