Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ёш дастурчилар танлови бошланди
2017-08-07 | Технологиялар
Мамлакатимизда истиқболли ғояга эга ва ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида инновацион лойиҳалар тайёрлайдиган ёш дастурчиларни қўллаб-қувватлаш Ўзбекистонда софтвер саноатини ривожлантириш ва инновацион корхоналар ташкил этишни рағбатлантириш имконини бермоқда.
АКТ мутахассисларига ўз лойиҳаларини амалга ошириш имконини берадиган турли танлов ва грант дастурлари ташкил этилаётгани мамлакатимиз дастурчиларининг инновацион ғояларини қўллаб-қувватлашнинг амалий механизмига айланмоқда. 2013 йилдан буён Ўзбекистонда дастурий таъминот яратиш бўйича “Best Soft Challenge” республика ёшлар танлови ўтказиб келинмоқда. Танлов дастурий таъминот маҳсулотларини яратаётган иқтидорли ёшларни аниқлаш ва рағбатлантириш, уларнинг инновацион лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, бу борада юқори малакали мутахассислар тайёрлаш, юртимиз дастурий маҳсулотлар бозорини ривожлантиришга қаратилган.
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигидан маълум қилишларича, айни пайтда шу йилнинг 16 октябригача давом этадиган навбатдаги ёшлар танлови иштирокчиларини рўйхатга олиш давом этмоқда. Унда академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари, олий ўқув юртларининг 25 ёшгача бўлган талабалари ўз билим ва салоҳиятини синаб кўради. Танловда қатнашиш учун улар якка ёки гуруҳ тартибида (уч кишигача) software.uz сайтида он-лайн режимида рўйхатдан ўтиши ва тайёрланган дастурий таъминот маҳсулотларини тақдим этиши зарур.
Жорий йилда танловни ўтказиш тартибига ўзгартишлар киритилган. Аввалги танловларда иштирокчилар фақат тайёр дастурий ечимларни намойиш қилган бўлса, энди "Ақлли шаҳар", "Компьютер ва мобиль ўйинлар", "Савдо ва хизматлар соҳасида энг яхши лойиҳа" ва "АКТ соҳасида инновацион ғоя" номинацияларида лойиҳаларини ҳакамлар эътиборига ҳавола этади. Ҳакамлар ҳайъати таклиф этилган ҳар бир лойиҳанинг долзарблиги, ўзига хослиги, фойдаланилган технологик ечимлар ва интерфейснинг қулайлигини баҳолайди.
Мазкур номинациялар мамлакатимиз ва бутун дунёда дастурий маҳсулотлар бозорини ривожлантиришнинг замонавий йўналишларидан келиб чиққан ҳолда жорий этилган. Айни пайтда Ўзбекистонда замонавий ахборот-коммуникация технологиялари хавфсизликни таъминлаш ва ҳуқуқни ҳимоя қилиш соҳасига босқичма-босқич татбиқ этилаётир, "Ақлли шаҳар" тизимини яратиш дастури амалга оширилмоқда.
“Best Soft Challenge” танлови ўтган вақт мобайнида нафақат ёш дастурчилар реал шароитларда ўз билимини синаб кўриш ва ғоялари аҳамиятини баҳолаши мумкин бўлган майдонга айланди, балки мамлакатимиз софтвер саноатини ривожлантиришга ҳам хизмат қилмоқда.
Танловнинг якуний босқичи шу йилнинг 1-10 ноябрь кунлари бўлиб ўтади.
Манба: ЎзА