Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ҳамкорлик меморандуми имзоланди
2017-08-07 | Жамият
Пойтахтимизда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва “Тараққиёт стратегияси” маркази ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси Қ.Қуронбоев, “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори А.Бурҳонов ва бошқалар мамлакатимизда ёш авлод манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни қийнаётган ҳар бир муаммога ечим топиш, ёшларнинг мамлакатни демократлаштириш ва янгилаш жараёнларидаги иштирокини таъминлаш, уларда фаол фуқаролик позициясини шакллантириш, ижтимоий лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Ушбу меморандум давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги, 2017 йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармонлари ҳамда мамлакатимиздаги ёшларга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга асосланган ҳолда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган мақсад ва вазифалар изчил амалга оширилишини таъминлаш борасидаги ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришни назарда тутади.
Тадбир доирасида Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишда ёшларнинг ўрни, тадбирларда кенг жамоатчилик, айниқса, ёшлар фаоллигининг долзарб жиҳатларини акс эттирган ҳамкорликда амалга ошириладиган лойиҳалар тақдимоти бўлиб ўтди.
«Ҳаракатлар стратегияси» кўнгилли ёшлар гуруҳлари аъзоларининг йиллик фаолияти якунларига бағишланган «Ёшлар тараққиёт тарафдори» республика форумини ташкил этиш асосий лойиҳалардан бири сифатида қайд этилди. Ҳаракатлар стратегиясини ёшлар орасида янада кенгроқ тарғиб қилиш, Давлат дастури ижросида уларнинг иштирокини фаоллаштириш, шунингдек, амалга оширилган ислоҳотлар ҳақида маълумот бериш, бу борада ёшларнинг фикрларини ўрганиш, янги таклиф ва ғояларни ҳаётга татбиқ этиш ушбу форумнинг асосий мақсад ва вазифалари ҳисобланади
Таълим муассасаларида «Ҳаракатлар стратегияси» хоналари фаолиятини йўлга қўйиш лойиҳаси ҳам иштирокчилар томонидан маъқулланди. Ташкил этиладиган мазкур хоналарда Ҳаракатлар стратегияси доирасида ўтказиладиган тадбирларнинг ахборот таъминоти амалга оширилади. Таълим, ватанпарварлик, спорт-соғломлаштириш, маданий-маърифий, кўнгилочар, санъат, хайрия, расмий ва бошқа турдаги ижтимоий аҳамиятга эга тадбирлар ўтказилади.
Кенг муҳокамаларга сабаб бўлган яна бир долзарб ғоя – ёш журналист, блогер, репортёр, оператор ва таҳрирчилар иштирокида «Бизнинг стратегия, бизнинг ҳаракатлар» шиори остида медиа конференция ташкил этиш ҳамда фаол қатнашганларни рағбатлантириш лойиҳаси ижобий баҳоланди.
Савол-жавоб ва муҳокамалардан сўнг Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва “Тараққиёт стратегияси” маркази ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Манба: ЎзА