Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Бизнес омбудсман” тадбиркорлар ҳуқуқини ҳимоя қилади
2017-08-07 | Иқтисодиёт
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати–Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ва партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ташаббуси билан “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Видеоконференция шаклида ўтган тадбирда Ўзбекистон Либерал-демократик партияси сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси раиси С.Турдиев, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси А.Саидов, Савдо-саноат палатаси раисининг биринчи ўринбосари И.Жасимов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил Д.Қосимов ва бошқалар давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 5 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили институтини таъсис этиш тўғрисида”ги фармони хусусий сектор фаолиятининг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлашда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётганини таъкидлади.
Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг кенг ривожланиши учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, давлат, ҳуқуқни муҳофаза этувчи ва назорат қилувчи органларнинг тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ноқонуний аралашувига қатъий чек қўйишга қаратилган самарали механизмларни жорий этиш масалалари тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Шу сабабли юртимизда таъсис этилган Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил – “Бизнес омбудсман” институтининг айнан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида ташкил этилиши Вакилнинг ўз фаолиятини мустақил ҳамда давлат органлари, уларнинг мансабдор шахсларига тобе бўлмаган ҳолда амалга оширишини кафолатлайди ва тадбиркорлар манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилишини таъминлайди.
– Мамлакатимизда “Бизнес омбудсман” институтининг фаолият юритиши Президентимиз томонидан биз, тадбиркорларга қаратилаётган юксак эътибор самарасидир, – дейди пойтахтимиздаги «Premium Alliance Paper» корхонаси раҳбари Беҳзод Муҳамедов. – Тадбиркор фаолиятига кенг йўл очилиши – бу халқимизнинг яхши яшаши ва турмуш фаровонлигини таъминлаш демакдир. Бу каби эзгу ишлар юртимиз тараққиётида, албатта, ўз натижасини беради.
Видеоконференция партиянинг Facebookдаги расмий саҳифасида ҳам тўғридан тўғри ёритиб борилди. Ижтимоий тармоқ орқали қонун лойиҳасига тадбиркорлардан юздан ортиқ таклиф ва фикр-мулоҳаза билдирилди.
Манба: ЎзА