Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистоннинг ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашига раислиги якунлари сарҳисоб қилинди
2017-08-04 | Сиёсат
Тошкентда Ўзбекистон Республикасининг Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Ташқи ишлар вазирлари кенгашига раиси сифатидаги фаолияти якунларига бағишланган матбуот брифинги бўлиб ўтди.
Брифингни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Ғайрат Фозилов бошқарди.
Ўзбекистон раисликни 2016 йил 18-19 октябрь кунлари Тошкентда бўлиб ўтган ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессиясида қабул қилди. Сессияда аъзо-давлатларнинг ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари, ташкилот Бош котиби, Ислом тараққиёт банки гуруҳи директори, ИҲТнинг ёрдамчи ва ихтисослашган муассасалари раҳбарлари, Америка Қўшма Штатлари, Франция, Италия, Буюк Британия ва Швейцариянинг ташкилотдаги махсус вакиллари, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Араб давлатлари лигаси, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш сингари халқаро тузилмаларнинг вакиллари иштирок этди.
Сессия якунларига кўра, 118 резолюция, ИҲТ кун тартибидаги асосий сиёсий, ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий-гуманитар масалалар акс эттирилган Тошкент декларацияси қабул қилинди.
Анжуманда Президентимиз Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашига Ўзбекистоннинг раислиги даврида амалга оширилиши кўзда тутилган устувор мақсадларни белгилаб берди. Давлатимиз раҳбари Самарқанддаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Тошкент ислом университетида Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ислом ташкилотининг (ISESCO) махсус кафедрасини ташкил этиш бўйича ташаббусларни илгари сурди.
Мазкур устувор йўналишлардан келиб чиққан ҳолда, шунингдек, ИҲТ Низомидаги тамойил ва вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон раислиги давомида тизимли ишлар амалга оширилди. Вазирлар даражасидаги тўртта тадбир, ташкилот ижроия қўмитасининг учта сессияси, Жидда, Нью-Йорк, Женева ва Брюсселда ўтказилган 16 экспертлар мажлиси, қатор конференция ва йиғилишлар ИҲТ кун тартиби ва фаолиятини сезиларли бойитди.
Давлатимиз раҳбарининг Самарқанддаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш борасидаги ташаббуси ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43- ва 44-сессияларида барча аъзо давлатлар томонидан қўллаб-қувватланди. Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Тошкент ислом университети ҳузурида ISESCO махсус кафедрасини ташкил этиш юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди. ИҲТ махсус муассасалари, хусусан, Ислом тараққиёт банки билан бу борада фаол ишлар олиб борилмоқда. Жорий йил май ойида мамлакатимиз ҳукумати ва банк ўртасида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш тўғрисида англашув меморандуми имзоланди. Туркия, Кувайт, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Уммон, Покистон, ИҲТнинг тузилмавий идоралари мазкур лойиҳани амалга оширишда иштирок этишга тайёрлигини билдирди.
Президентимиз бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси шу йил 21 май куни ар-Риёд шаҳрида бўлиб ўтган Араб-мусулмон мамлакатлари ва АҚШ саммитида иштирок этди. Саммит мусулмон дунёсининг экстремизм ва терроризмга қарши туришда бирдамлигини тасдиқлади. Ўзбекистон Саудия Арабистони пойтахтида Экстремистик ғояларга қарши глобал марказ ташкил этилишини қўллаб-қувватлади.
Ўзбекистон халқаро ташкилотлар доирасида ўз фаоллигини ошириб бормоқда. Бу борада унинг халқаро майдондаги нуфузи тобора ўсаётгани, эришаётган ютуқлари, амалга ошираётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлари эътироф этилаётганини кузатиш мумкин. ИҲТ Бош котиби ҳамда бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари томонидан Ҳаракатлар стратегияси ва «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастури юқори баҳоланмоқда.
Инсон ҳуқуқлари соҳасида мамлакатимизда эришилаётган ютуқлар халқаро ҳамжамият томонидан тан олинаётганини таъкидлаш жоиз. Мамлакатимизнинг ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашига раислиги давридаги амалий тадбирлар самарасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон миллий маркази директори А.Саидов ИҲТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича доимий қўмитасига сайланди.
ИҲТга аъзо давлатлар ўртасида илмий-техникавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида 2016 йил 21 декабрь куни Жиддада ахборот вазирлари даражасидаги Ислом конференциясининг 11-йиғилиши бўлиб ўтди.
БМТ Хавфсизлик кенгашида Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили Яқин Шарқдаги вазият бўйича ИҲТ позициясини бир неча бор ташкилот номидан эълон қилди.
Маданий-гуманитар йўналишда тизимли ишлар амалга оширилди. Аъзо давлатларда аёллар ва оила муассасалари ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш бўйича вазирлар даражасидаги конференциянинг 1-сессиясини ўтказиш юзасидан Саудия Арабистони ташаббуси маъқулланди.
Ўзбекистон раислик даврида «Халқаро исломий фикҳ академиясининг Эҳсон фонди» низоми лойиҳасини ҳамда Бош котибият ва фуқаролик жамияти институтлари ҳамкорлигини тартибга солувчи Хартияни кўриб чиқиш бўйича ҳукуматлараро экспертлар гуруҳларининг мажлислари бўлиб ўтди.
Жорий йилнинг 10-11 июль кунлари Абиджан шаҳрида бўлиб ўтган ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 44-сессиясида Ўзбекистон ўз раислигини расман Кот-д'Ивуарга топширди. Йиғилиш қатнашчилари томонидан Ўзбекистоннинг раислиги даврида амалга оширилган ишлар юқори баҳоланди.
Манба: ЎзА