Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

“Ўзэкспомарказ”да биринчи маротаба тест синовлари ўтказилди

2017-08-02 | Таълим

Эрта тонгдан пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” кўргазмалар мажмуаси Тошкент давлат юридик университетида ўқиш ниятида ариза топширган 6 минг 120 дан ортиқ абитуриент, уларнинг ота-оналари, яқинлари ҳамда тест жараёнларининг белгиланган талаблар доирасида ўтишини таъминлашга масъул идоралар вакиллари билан гавжум бўлди.

Малакали кадрлар тайёрлаш, ёшлар бандлигига алоҳида эътибор қаратиш, олий таълим муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш масаласи 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида муҳим вазифа сифатида белгиланган. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 5 майдаги “2017/2018 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисида”ги, жорий йил 28 апрелдаги “Тошкент давлат юридик университетида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари мамлакатимизда юридик соҳада кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. 

Мазкур ҳужжатлар ижроси доирасида Тошкент давлат юридик университети томонидан ўтган йиллардан фарқли ўлароқ жорий йилда тест синовлари “Ўзэкспомарказ”нинг ҳар бири 1 мингдан зиёд абитуриентни қамраб олувчи павильонлари ва бошқа биноларида ўтди. Бу янгича ёндашувнинг концепцияси, аввало, барча абитуриентлар учун тенг шарт-шароитларни яратиш, тест синовларини ўтказиш жараёни юзасидан бир хил назоратни таъминлашдан иборатдир. 

– Тест синовларининг боришини сифатли ташкил этиш учун нафақат университетимиз, балки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари вакиллари, 130 дан ортиқ прокуратура ходимлари ҳам жалб қилинди, – дейди университет қабул комиссияси раиси ўринбосари Мансурхон Камолов. – Абитуриентлар тест синовлари ўтадиган павильонлар, аудиторияларга етиб келгунларига қадар бир неча босқичли мукаммал назорат постларидан ўтди. Бунда масъул вакиллар томонидан индивидуал текширувлардан тортиб, махсус замонавий текширув жиҳозлари имкониятларидан самарали фойдаланилди. Биноларга махсус видеокузатув камералари ўрнатилиб, тест жараёни тўғридан-тўғри абитуриентларнинг ота-оналари, яқинлари учун ҳозирланган кутиш майдонларидаги уч йирик мониторга ҳамда интернет тармоғи орқали кенг жамоатчиликка узлуксиз узатиб турилди.

...Эрта тонг. Абитуриентлар тест синовларини топшириш учун бирин-кетин дастлабки назорат постларидан ўта бошлади. Она барибир она-да, боласини қийналмасин, дейди. У ўғлининг фуқаролик паспорти муқоваси орасига тарих фанидан муҳим саналар ва бошқа қисқа маълумотлар ёзилган “шпаргалка”ни жойлади. Фарзандини бундан хабардор ҳам қилди. 

Йигит биринчи “довондан” яхши ўтди: ҳеч ким, ҳеч нарсани сезмагандай туюлди. Лекин у навбатдаги “босқич”да таваккал қилишни истамади. Чунки у бинога яқинлашган сари нафақат текширув кучайиб борар, балки ўзи учун тўғри хулоса чиқаришга чорловчи шиорлар кетма-кетлиги ҳам ўз таъсирини кўрсатди... У назоратчиларга паспорти орасидан қоғозчани ўзи олиб берди. Ва енгил бўлиб, яхши кайфиятда имтиҳонга кириб кетди. 

– Мактабда талаба бўлиш иштиёқи билан ҳақиқий абитуриентлардек тайёрлана бошлаганман, – дейди қумқўрғонлик абитуриент Мусурмон Маматқулов. – Туманимиздаги қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежини аъло баҳоларга тамомлашга ҳаракат қилдим. Кўпчилик менга тест жараёнига киришда абитуриентлар ўзи билан бир “имкон”ини топиб қўл телефони, шпаргалкалар, ҳатто, китоблар ҳам олиб кириб, фойдаланади, деб айтишган. Бундай йўл тутилса, абитуриентлар ўртасида соғлом рақобат бўлмаслигини кўп ўйлаганман. Лекин бугун бу ерда ҳаммаси бошқача эканини кўриб хурсанд бўлдик. Имтиҳон олинадиган аудиторияларга яқинлашишимиз билан турли огоҳлантириш ва чорловлар ёзилган баннерларни кўриб хотиржам бўлдик. Чунки бу чорловларга амал қилиб, имтиҳонга олиб кириш мумкин бўлмаган буюмларни кўпчилик ўзи чиқариб берди. Дастлаб, “Тест синовлари қатъий назорат остида бўлиб ўтади. Истисноларга йўл қўйилмайди”, деб ёзилган баннерга кўзим тушди. Бу огоҳлантириш павильонга яқинлашган сари қатъий, кескин тус олади. Масалан, “Телефон ва бошқа тақиқланган предметлар олиб киришга уринганлар тест синовларидан четлаштирилади”, “Ўз билимингизга ишонинг! Таваккал қилиб, нотўғри йўлдан бориб, яна бир йил умрингизни зое кетказманг!”. Энг охирги қизил чизиқ тортилган шартли чегарада ёнидаги баннерда “Охирги огоҳлантириш! Бу белгидан ўтгандан кейин тақиқланган предметларни олиб кирган абитуриентлар ҳеч қандай истисносиз тест синовларидан четлатилади!” деб ёзилган. Бу огоҳлантириш нотўғри хаёл билан тестга келган тенгдошларимни ўз вақтида, тўғри хулоса чиқаришга ундади, деб ўйлайман. 

Барча павильон ва аудиториялар ичимлик суви, совутиш тизими, зарур ҳолларда фойдаланиш учун овоз кучайтиргичлар билан таъминлангани тест жараёнининг янада сифатли ўтишига хизмат қилди. 

– Мана шу катта экрандан ўғлим Аброрбек тест ишлаб ўтирган хонани кузатиб турдик, – дейди Андижон вилояти Қўрғонтепа туманидан келган Холидахон Халилова кутиш майдончасидаги суҳбатимизда. – Бировнинг ноўрин ҳаракат қилаётганини, телефон ё бошқа бирор нарсадан фойдаланаётганини, ким-кимгадир ёрдам бераётганини кўрмадик. Бундан биз ота-оналар, албатта, жуда хурсанд бўлдик. Айтганча, шу тест жараёнларини интернетдан қишлоқдагилар – қариндошларимиз ҳам кўришибди. Имтиҳонларни бу усулда ўтказишни оммалаштиришса яхши бўлар эди.

 

Икром Аввалбоев, Темур Мамадаминов (сурат), ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться