Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Экспорт кўлами кенгаймоқда

2017-07-31 | Иқтисодиёт

Жиззах вилоятида жорий йилнинг биринчи ярмида 4 миллион 900 минг долларликдан ортиқ саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилинди. 

Давлатимиз томонидан солиқ ва бошқа тўловлар ҳамда чет элдан замонавий технологиялар ва эҳтиёт қисмлар келтириш борасида берилаётган имтиёзлардан иқтисод бўлган маблағларни корхоналар сифатли, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришга йўналтираётир. 

– Президентимизнинг 2017 йил 21 июндаги “Маҳаллий экспорт қилувчи ташкилотларни янада қўллаб-қувватлаш ва ташқи иқтисодий фаолиятни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида вилоятда рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва халқаро иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли тадбирлар амалга оширилмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлигининг Жиззах вилоятидаги вакили Умид Нишонов. – 2016 йилда вилоятдаги 36 корхона экспорт фаолияти билан шуғулланиб, 38 миллион долларлик маҳсулот сотган бўлса, бу йил экспортчи корхоналар сони яна 18 тага кўпайди. Хорижга ҳудуддаги саноат корхоналаридан гилам, тайёр трикотаж маҳсулотлари, ип-калава, электротехника буюмлари, пахта момиғи, олтингугурт, оҳак ва шиша момиғи (стекловата) каби қурилиш маҳсулотлари чиқарилмоқда. 

Маҳсулот экспорт қилишда “Roison home white goods”, “Diamond karpet”, “Forish texstile group”, “Ekoсlimat” каби йирик саноат корхоналари етакчилик қилаётир. 

Ўтган йили вилоят корхоналари маҳсулотлари Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Литва каби мамлакатларга экспорт қилинган. Жорий йилда экспорт географияси Ҳиндистон, Франция, Жанубий Корея каби давлатлар ҳисобига янада кенгайди. 

Замонавий коммуникация ва инфратузилмаларга эга “Жиззах” эркин иқтисодий зонасида яратилган қулай инвестиция муҳити жаҳон стандартлари талабларига мос маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтиришга хизмат қилаётир. Эркин иқтисодий зона учун белгиланган имтиёз ва енгилликлардан самарали фойдаланаётган корхоналар вилоят экспорт салоҳиятини оширишга салмоқли ҳисса қўшмоқда. 

Давлатимиз томонидан мева-сабзавот етиштиришни қўллаб-қувватлаш бўйича яратилган қулайликлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини хорижга сотиш имкониятларини кенгайтирмоқда. Жорий йилда ҳудудда 25 қишлоқ хўжалиги корхонаси томонидан 70 минг тонна олма, узум, нок, беҳи, шафтоли, пиёз, карам, булғор қалампири, сабзи, помидор, қовун, ошқовоқ, мош, ловия, нўхат, ковул, музлатилган балиқ каби маҳсулотларни экспорт қилиш чоралари кўрилмоқда. 

Бу ишда деҳқонларга “Ўзагроэкспорт” ихтисослаштирилган ташқи савдо компаниясининг вилоят вакиллиги хориждан ҳамкорлар топиш, шартномалар тузиш, маркетинг ва консалтинг хизмати кўрсатиш борасида кўмаклашаётир. 

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини амалга оширишда Россия, Қозоғистон ва Қирғизистоннинг йирик шаҳарларида 13 “Жиззах савдо уйи” ташкил этилгани яхши самара бермоқда. Жорий йил охирига қадар хорижда вилоятнинг яна 5 савдо уйини очиш устида иш олиб борилмоқда. Фермер ва тадбиркорларнинг маҳаллий ва халқаро савдо кўргазмаларида иштирок этаётгани хорижий ҳамкорлар топишда қўл келмоқда.

 

Тошқул Бекназаров, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться