Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Пилладан бир йилда икки марта ҳосил олинади
2017-07-31 | Иқтисодиёт
Дунёнинг исталган жойидан келтирилган ниҳоллар Ўзбекистонда гул очиб, ҳосилга киради. Донишмандлар бежиз айтмаган: бу заминга қадалган ҳар бир чўп меҳрдан баҳраманд бўлиб, куртак ёзади.
Кейинги пайтларда аҳоли орасида “Хитой тути” деган ибора пайдо бўлди. "Хориждан келтирилган бу ниҳоллар катта майдонларга экилмоқда, бироқ ўзимизда ҳам тут дарахти кўп-ку?", дейдиганлар ҳам топилади. Уларга жавобан мутахассислар ўз фикрини айтмоқда: у ипак қуртидан такрор ҳосил олиш йўлидаги истиқболли қадамдир.
Баҳорнинг сўнгги кунларида пилланинг илк ҳосили тарозига тушди. Мавсум якунида етиштирилган мўл ҳосил пиллакорларимизга қувонч улашиш билан бирга ғайратига-ғайрат қўшди. Давлатимиз раҳбарининг Сурхондарё, Бухоро ва Фарғона вилоятларига ташрифи давомида икки марта пилла боқишни йўлга қўйиш юзасидан билдирган фикр-мулоҳазаларидан руҳланган “кумуш тола” етиштирувчилар шу кунларда такрорий пилла ҳосили парваришлашга қизғин ҳозирлик кўрмоқда.
– Пилладан бир йилда икки марта ҳосил оламиз деганимизда шубҳа билан қараганлар ҳам бўлди, – дейди «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси бошқаруви раиси Баҳром Шарипов. – Шу кунларда тажриба тарзда ипак қурти етиштириш тадбирлари бошлаб юборилди. Иқлимимиз иссиқ бўлгани учун баҳорда тут барги 20 кунда, ёзда бир ҳафтада қотади. Шунинг учун баҳордаги каби катта миқдорда бўлмаса-да, кичикроқ ҳажмда – 10 минг 500 қути ипак қурти парваришламоқчимиз. Шу мақсадда звенолар ташкил этилиб, инкубаторияларда тайёргарлик бошланди.
Мавсум самарали ўтишини таъминлаш ва хорижлик ҳамкорлар билан ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтириш мақсадида Хитойдан малакали мутахассислар ҳам жалб этилди. Ҳозир улар Сурхондарё вилоятида барпо этилган қурт заводида кузги пилла етиштириш борасида маҳорат дарсларини ўтмоқда. Унда уюшма тизимида фаолият юритаётган корхона ва ташкилотларнинг вакиллари иштирок этмоқда.
– Хитой ва Ўзбекистон алоқалари минг йиллик тарихга эга, – дейди Хитойдаги Torgxiang Silkworm Co.Ltd компанияси мутахассиси Жан Жиан Шинг. – Буюк ипак йўли бунга ёрқин мисолдир. Ҳозир бизда пилладан йилига олти-етти маротаба ҳосил олинмоқда. Бу борадаги тажрибамизни Ўзбекистондаги ҳамкорларимиз билан баҳам кўрмоқдамиз. Бир ой давомида назарияни амалиёт билан бирга олиб борамиз.
Пиллачиликда ютуқларнинг бош омили қисқа муддатли, аммо кўп меҳнат талаб қиладиган жараён – етарли миқдорда озуқа жамғариш билан боғлиқдир.
Маълумотларга кўра, ҳозир мамлакатимизда 51 минг гектар майдонда тутзорлар ҳамда 80 миллион туп тут дарахти мавжуд.
Хўш, ёз мавсумида тут барглари қирқилиб, ипак қуртига озуқа учун берилса, келгуси йилда озуқа базаси қандай яратилади? Албатта, бу савол кўпчиликни қизиқтириши шубҳасиз.
– Бу борада олимларимиз пиллакорлар учун амалий семинарлар, суҳбатлар ташкил этмоқда, – дейди Ипакчилик илмий-текшириш институти директори Шавкат Умаров. – Кузги ипак қуртини боқиш жараёнида тут баргидан нотўғри фойдаланиш тутнинг кейинги йилдаги ривожига маълум маънода зарар етказиши мумкин. Бу борада қатор тавсиялар берилмоқда. Мисол учун, шу кунларда тут дарахтларига эътибор билан қаралса, уларнинг ерга қараб ўсган пастки шохларини кўриш мумкин. Ана шу шохлар, кейин ёндан ўсган, эски шохлар кесилади. Ўсувдаги шохларга зарар етишини олдини олиш учун ипак қурти парваришининг сўнгги кунларида навдани кесмасдан, баргларни эҳтиётлик билан териб олиш таклиф қилинмоқда. Ана шунда биз баҳорги ипак қурти учун ҳам етарлича озуқа базасини таъминлай оламиз.
Жорий йилнинг ўтган даврида уюшма жойларда Хитойдан келтирилган 20 минг туп интенсив тут кўчатини экди. Улар совуққа чидамлилиги, йирик барги, озуқа қийматининг юқорилиги ва ўсувчанлиги билан пиллакорларимизга манзур бўлмоқда. Келгусида бундай тут майдонларининг кенгайиши пилладан такрорий ҳосил олиш имкониятини янада оширади.
Яна бир гап. Кузги ипак қуртининг ҳосилдорлигини таъминлашда ҳаво ҳароратини ва намликни бир меъёрда сақлаш, ҳашаротларга қарши кураш ҳам муҳим омиллардан ҳисобланади.
Иқтидорли ёшлар, малакали мутахассислар ҳар бир соҳанинг истиқболини таъминлайди. Улар тажрибасини ошириб бориш, жаҳоннинг энг сўнгги инновацион технологияларини ишлаб чиқаришга кенг жалб этиш давлатимиз эътиборида бўлиб келмоқда.
Яқинда бир гуруҳ ёшлар уруғ тайёрлаш ва ипакчилик соҳасидаги билимларини янада ошириш учун Ҳиндистонга юборилди. Бу мамлакат пилла етиштириш бўйича дунёда етакчи ўринда туради. Хусусан, Бангалор шаҳрида йилига ўн мартагача "кумуш тола" олинади.
– Ўзбек пиллачилиги шуҳратини юксалтириш ишларига ёшларни кенг жалб қилиш чорлари кўрилмоқда, – дейди «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси бошқаруви раиси ўринбосари Олим Жумаев. – Тизимга ёшларнинг янги инновацион ғоялар ва ишланмаларини татбиқ этиш, бу борада уларни қўллаб-қувватлаш, етарлича кўмаклашишга интилмоқдамиз. Сентябрь ойида йигирма, келгуси йилда эллик ёш мутахассис Хитойга ўқишга юборилади. Улар пилла етиштириш, ундан тола олиш ва қайта ишлаш бўйича ўз билим ва тажрибасини ошириб, қайтади. Келгусида Япония билан тажриба алмашишни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 29 мартдаги «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори соҳада янги имкониятлар яратишда муҳим омил бўлмоқда. Ипакчилик тармоғи ривожи ноёб ипак толалари етиштириш ҳажмини ошириш, қўшимча даромад олиш ва янги иш ўринларини яратишга хизмат қилади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, кузги ипак қурти 42 мингдан зиёд хонадонга бўлиб берилади. Бу пиллакорларнинг 6 миллиард сўмдан зиёд даромад кўришини ва қайта ишлаш корхоналарига уч мингта мавсумий ишчини жалб этишни таъминлайди.
Манба: ЎзА