Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Тўқимачилик саноати янги босқичда

2017-07-31 | Иқтисодиёт

Марғилон шаҳрида “Тўқимачилик саноати корхоналарида ишлаб чиқаришни ташкил этишда илм-фан интеграциялашувининг ўрни ва долзарб муаммолар ечими” мавзуида халқаро илмий-техникавий анжуман бўлиб ўтди.

“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси, Ўзбекистон табиий толалар илмий-тадқиқот институти ва Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Хитой, Россия, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Польша каби давлатлардан мутахассислар, мамлакатимиздаги олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, ипакчилик тармоғи корхоналари вакиллари иштирок этди. 

“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси раиси Б.Шарипов ва бошқалар мамлакатимизда ипакчилик тармоғи ва тўқимачилик саноатини янада ривожлантириш, соҳага илғор технологияларни жалб этиш, илм-фан соҳасидаги инновацион ишланмаларни амалиётга татбиқ этишга қаратилаётган доимий эътибор юксак самаралар бераётганини таъкидлади. Президентимизнинг жорий йил 29 мартдаги “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда. 

Қарорда тармоқ нуфузини ошириш учун озуқа базасини жадал ривожлантириш, сифатли ипак қурти уруғи етиштириш тизимини кенг йўлга қўйиш, саноатбоп пилла хомашёси етиштириш ва пиллани қайта ишлаш корхоналарининг тўлиқ қувват билан ишлашини таъминлаш баробарида тайёр рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш ва соҳанинг экспорт салоҳиятини кенгайтириш бўйича аниқ тадбирлар белгиланган. Бундай чора-тадбирлар натижасида 2021 йилга бориб умумий етиштирилган пилла ҳажмида пиллани қайта ишлаш улуши 50 фоизгача оширилади, янги иш ўринлари яратилади, маҳсулот экспорти ҳисобидан валюта маблағи тушуми кўпаяди. 

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 22-23 июнь кунлари Фарғона вилоятига ташрифи давомида “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси томонидан Фарғона вилоятида 2017-2021 йилларда ипакчиликни ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилгани маъқулланди. Жорий йилда 80 йиллигини нишонлаётган Ўзбекистон табиий толалар илмий-тадқиқот институти ҳам бу борада янги изланишлар олиб бормоқда. 

Халқаро илмий-техникавий анжуманда ипакчилик саноати, қишлоқ ҳўжалик экинларининг ҳосилдорлигини ошириш, тутчилик, ипакчилик муаммолари ва инновацион ечимлар, тўқимачилик материаллари ва маҳсулотлари кимё технологияси, фундаментал ва иқтисодий фанларнинг тўқимачилик саноатини ривожлантиришдаги ўрни каби йўналишларда шўъбалар иш олиб борди. Соҳадаги долзарб вазифалар хусусида фикр алмашилди. 

– Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги тарихий муносабатлар ипак саноати борасидаги ҳамкорлик азалдан ривожланганидан далолат беради, – дейди Хитойнинг Донгхуа (Donghya) университети профессори Хуа Ванг. – Жумладан, Буюк ипак йўлидаги савдо алоқалари, ҳунармандлик маҳсулотлари айирбошлангани катта тажрибаларга асос бўлиб хизмат қилган. Ушбу тарихий дўстлик муносабатлари бугун янада ривожланаётгани бизни ғоят мамнун этади. Анжуманда ипак саноатини ривожлантиришда замонавий технологиялардан фойдаланиш ва уларни ҳаётга татбиқ этиш ҳақида тақдимот ўтказдим. Бу жараён айни вақтда бутун дунё мутахассисларини қизиқтирмоқда. Ўйлайманки, мазкур анжуман келажакдаги муштарак мақсадларимизни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади. 

Мамлакатимизда халқ ҳунармандлиги ва амалий санъатимизнинг ноёб турларини қайта тиклаш, янги намуналарини яратиш, ёшларни ҳунарга қизиқтириш, миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш борасида уюшма томонидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. 

Бугунги кунда Фарғона вилоятида 3 мингга яқин ҳунарманд фаолият кўрсатмоқда. Булар орасида айниқса, Қўқон, Марғилон, Риштон ҳунармандлик мактаблари машҳур. 

Марғилон ҳунармандлари яратган гилам, ипак мато, турли заргарлик ва зардўзлик буюмлари, сопол идишлар хорижлик сайёҳларни ҳам ҳайратга солади. 

Анжуман доирасида Марғилон миллий ҳунармандлик марказида Фарғона водийсидаги касаначи ҳунармандлар томонидан ишлаб чиқарилган ипак матолари кўргазма-ярмаркаси бўлиб ўтди. Айниқса, модалар кўргазмаси иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. 

– Марғилон ипак матолари ўзининг ранги ва ажойиб гуллари, абр нусхали матолари енгил, нафис ва гўзаллиги билан ажралиб туради, – дейди “Ҳунарманд” уюшмаси Марғилон шаҳар бўлими раҳбари Расулжон Мирзааҳмедов. – Бу ерда қадимдан беқасам, банорас, шойи, ним шойи, атлас каби матолар тўқилган. Бугунги кунда шаҳримизда 5 мингдан ортиқ хонадонда ипак маҳсулотлари тайёрланмоқда. Мустақиллик йилларида ипак матоларнинг юздан зиёд нусхасини тиклашга эришдик. 

Тадбирда Фарғона вилояти ҳокими Ш.Ғаниев сўзга чиқди.

 

Маъсуджон Сулаймонов, Муқимжон Қодиров (сурат), ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться