Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Пухта тараддуд–самарадорлик омили
2017-07-31 | Иқтисодиёт
Наманган вилоятининг Мингбулоқ туманида фермер хўжаликлари дала шийпонларини пахта йиғим-терими мавсумига тайёрлаш ва теримчилар учун муносиб шароит яратиш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Вилоят ҳокимлиги, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ҳамкорлигида тумандаги "Бахтиёр Абдусаломович" фермер хўжалигида ташкил этилган тадбирда фермер хўжаликлари раҳбарлари, отряд бошлиқлари, қишлоқ хўжалигига хизмат кўрсатувчи идоралар, вилоят ва тумандан бириктирилган бошқарма, корхона ва ташкилотлар масъул ходимлари иштирок этди.
Жорий йилда вилоятда ўртача 27,9 центнердан ҳосил кўтариб, 219 минг 800 тонна пахта хомашёси етиштириш режалаштирилган. Шу мақсадда 3 минг 100 дан зиёд фермер хўжалиги тасарруфидаги 78 минг 900 гектар майдонда пахтанинг “Наманган-77”, "С-6524", “Андижон-35”, “Наманган-34”, "С-8286", “Бухоро-102” навлари парваришланмоқда. Мавсум давомида изчил амалга оширилган агротехник тадбирлар натижасида айни кунларда ҳар тўп ғўзада 7-8 тадан бўлиқ кўсак бор ва саноқли кунлардан сўнг йиғим-терим мавсуми бошланади.
– Қишлоқ хўжалигида ҳам меҳнат унумдорлиги ва сифатида ишчилар учун яратилган қулай иш шароити ва меҳнаткашларнинг саломатлиги, моддий ва маънавий манфаатдорлиги билан боғлиқ бошқа ижтимоий муҳофаза тадбирлари муҳим аҳамият касб этади, – дейди вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси З.Маҳкамова. – Шу нуқтаи назардан, жорий йилги терим мавсумида ҳам теримчиларнинг ижтимоий муҳофазаси, уларга муносиб меҳнат шароити яратиш масалалари ташкилотимизнинг асосий диққат-эътиборида бўлади.
Семинар иштирокчиларига дала шийпонларида давлат санитария-эпидемилогия назорати маркази талаблари асосида аёллар ва эркаклар учун алоҳида қўл ювиш ва ювиниш хоналари, овқатланиш учун стол-стуллар, дам олиш учун кроват ва юмшоқ инвентарлар бўлишини таъминлаш, овқат тайёрлаш жойларини тайёрлаш, ичимлик суви захирасини яратиш ва сақлаш, тиббиёт хонаси ташкил этиш ва бирламчи тез тиббий ёрдам воситалари билан таъминлаш, ёнғин хавфсизлиги, меҳнат муҳофазаси, хавфсизлик техникаси бўйича кўргазмали воситалар бурчагини ташкил этиш ва меҳнат унумдорлиги ҳамда хавфсизлигига доир амалий чора-тадбирлар намойиш этилди. Фермерларга мавсумга теримчиларни ёллаш бўйича меҳнат қонунчилигига мувофиқ шартнома тузиш тартиб-қоидалари ҳақида тушунчалар берилди.
Мингбулоқ туманидаги 528 фермер хўжалигининг 15 минг 906 гектар ерида пахта етиштирилмоқда. Йиғим-теримни уюшқоқлик ва сифатли ташкил этиш мақсадида 250 отряд шакллантирилган.
Тадбирда Наманган вилояти ҳокими Х.Бозоров сўзга чиқди.
Манба: ЎзА