Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Қашқадарёда вилоят ҳокими Шаҳрисабзлик ёшлар билан учрашди
2017-07-27 | Жамият
Шаҳрисабзда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда ёшларнинг фаол иштирокини таъминлаш, юксак маънавиятли, мустақил ва эркин фикрлайдиган, замонавий илм-фан ютуқларини пухта ўзлаштирган, ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш мақсадида «Ҳоким ва ёшлар» учрашуви бўлиб ўтди, деб хабар беради Kun.uzга Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қашқадарё вилоят Кенгаши матбуот хизмати.
Унда Президентнинг ёшлар сиёсати бўйича Давлат маслаҳатчиси—Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси Қаҳрамон Қуранбоев, туман ҳокимлиги вакиллари, ташкилот раҳбарлари, Шаҳрисабз шаҳри ва тумани ёшлари иштирок этди.
Тадбирда вилоят ҳокими Зафар Рўзиев ёшларга оид давлат сиёсати доирасида мамлакатимизда олиб борилаётган ишлар, ўтказилаётган тадбирлар ҳақида сўз юритиб, ёшлар жамиятнинг энг илғор қатлами сифатида ҳамиша қўллаб-қувватланиши, уларнинг ҳар жиҳатдан баркамол шахс бўлиб вояга етишларини таъминлаш ҳукумат эътиборидаги энг асосий вазифа эканини таъкидлади.
— «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракатининг ИВ қурултойида президентимиз ҳаракат негизида мутлақо бошқача принцип ва ёндашувлар асосида ишлайдиган, ёшларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қила оладиган, ҳар қандай расмиятчилик ва кампаниявозликлардан холи, ҳақиқий демократик ташкилот—Ўзбекистон ёшлар иттифоқини тузиш ва 30 июньни мамлакатимизда «Ёшлар куни» сифатида нишонлашни таклиф этганликларини ўзи ҳам ёшларга бўлган катта эътибор намунасидир,—деди Қашқадарё вилоят ҳокими З.Рўзиев.
Шунингдек, вилоятнинг иқтидорли ва фаол ёшлари сўзга чиқиб, юртимизда ёшларга Юртбошимиз томонларидан кўрсатилаётган ғамхўрликдан мамнун ҳолда ўз фикрларини билдирдилар.
Шундан сўнг ёшларнинг келгусидаги режалари, уларни ташвишлантираётган муаммолар ҳамда таклиф ва мулоҳазалари тингланди. Шаҳрисабзда туризм ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш, ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, ёшларда Интернетдан фойдаланиш маданиятини ошириш, айниқса, уюшмаган ёшлар билан ишлаш тизимини ишлаб чиқиш бўйича берилган таклифлар юзасидан истиқболли режалар ишлаб чиқилди.
Манба: Қашқадарё вилояти ҳокимлиги