Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
118 турдаги дори воситалари ишлаб чиқарилмоқда
2017-07-27 | Иқтисодиёт
Мамлакатимиз фармацевтика соҳасида ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш ва мавжудларини модернизация қилиш, рақобатбардош тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтиришга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бермоқда.
Буни Наманган вилоятида фаолият юритаётган “Merrymed Farm” масъулияти чекланган жамияти фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин.
2011 йил март ойида фаолият бошлаган корхонанинг моддий-техник базаси йилдан-йил мустаҳкамланди, ишлаб чиқаришга илғор технологиялар жорий қилиниб, янги лойиҳалар амалиётга татбиқ этилди. Ишлаб чиқариш ҳажми ва тури мунтазам ўсиб борди. Айни пайтга келиб Фарғона водийсидаги энг йирик фармацевтика корхонасига айланди.
Корхонанинг барқарор ривожланаётгани қуйидаги кўрсаткичларда намоён бўлади. Дастлабки йили бу ерда 8 турдаги 5 миллион 901 минг 761 қадоқ таблетка ишлаб чиқарилган бўлса, ўтган 5 йил мобайнида босқичма-босқич капсула, ампулали инъекция, кукун кўринишидаги антибиотик, инфузия, мазь, гален, сироп, суспензия каби дори-дармонлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Бугунги кунда бу ерда 10 фармакологик гуруҳдаги 118 тур дори-дармон воситалари ишлаб чиқарилмоқда. Ўша йили корхонада 27 киши ишлаган бўлса, бугун 270 киши меҳнат қилмоқда. Ишчиларнинг аксарияти касб-ҳунар коллежини битирган ёшлар.
Ўтган йилларда ушбу дори-дармонларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун 6 қўшимча цех қурилди. Қурилиш ва техник-технологик жиҳозлаш бўйича корхонанинг ўз маблағи ва банк кредитлари ҳисобидан умумий қиймати 45 миллиард 906 миллион сўмликдан зиёд лойиҳалар амалга оширилди.
Хитойлик ҳамкорлар иштирокида ташкил этилган корхона фаолияти фармацевтик маҳсулотлар ишлаб чиқариш, сақлаш, транспорт-логистика, маркетинг жараёнларини тўлалигича ўзида мужассам этган. Иш жараёнига юқори технологик ускуналар ва электрон ахборот-назорат қилиш тизимлари жорий этилган.
Ишлаб чиқаришдаги биринчи талаб, яъни юқори сифат, айниқса, фармацевтика корхоналари учун бош мезондир. Зеро, бундай корхона маҳсулоти инсон саломатлиги учун хизмат қилиши керак. Шу нуқтаи назардан, “Merrymed Farm”ни барпо этиш учун жой танлашдан бошлаб, қурилиши-ю қурилиш хомашёларигача, ишлаб чиқариш жараёни, ишчиларнинг шахсий санитария-гигиена бўйича билими ва маданиятигача – ҳаммаси бу ерда тайёрланаётган дори-дармон воситаларининг халқаро сифат талабларига тўла жавоб беришини таъминлашга қаратилган.
– Ўсимлик ва синтетик хомашёдан дори воситалари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхонамизда халқаро стандарт талабларини амалда қўллаш бўйича стратегик режалар муваффақиятли амалга ошириб келинмоқда, – дейди корхона сифат таъминоти бўлими бошлиғи Мансур Қутбиддинов. – Жумладан, 2012 йилда халқаро стандарт талаблари асосида ISO 9001 сифат менежменти тизими ҳамда жорий йилда GMP – “Яхши ишлаб чиқариш амалиёти” стандартлари жорий қилиниб, тегишли сертификатлар олинди. Маҳсулот сифатини назорат қилиш корхона фармакопия мақолалари, Британия (ВР), Америка Қўшма Штатлари (USP), Япония (JP) фармакопия мақолаларига асосан амалга оширилмоқда. Корхонада барча хомашёга меъёрий-техник ҳужжатлар ўрнатилган тартибда тасдиқланган. Ускуналар ва ёрдамчи матиериаллар, хомашё, бутловчи қисмлар сақлаш омборлари хавфсизлиги тўлиқ таъминланган. Қурилишда девор ва шифтларни тозалаш ва дезинфекция қилиш, ҳарорат ва ҳаво намлигини зарур меъёрда тутиб туриш қулайликлари кўзда тутилган. Бу корхонамизнинг дунё бўйича GMP сертификатига эга 150 дан зиёд корхоналар рўйхатининг биринчи бешталигидан жой эгаллашида муҳим омил бўлмоқда.
Корхона маҳсулотлари сифатини назорат қилиш энг замонавий ускуналар билан жиҳозланган синов лабораторияларида олий тоифали кимёгар ва халқаро стандартлар бўйича миллий эксперт-аудиторлар томонидан амалга оширилади. Лаборатория жиҳозларининг айримлари мамлакатимизда ягона бўлиб, юртимиздаги кўплаб фармацевтика корхоналари ўз маҳсулотини шу ерда синовдан ўтказмоқда.
– Ишлаб чиқарилаётган дори-дармон воситалари синов турлари бўйича 98 фоиз шу ерда синовдан ўтказилади, – дейди синов лаборатория мудири Зарифа Турдиева. – Жумладан, Япониянинг “Shimadzu” русумли ускуналари мажмуи ёрдамида хомашё ва тайёр маҳсулотнинг ташқи кўриниши, чинлиги, ранги, водород кўрсаткичи, механик заррачалар мавжудлиги, тўлдириш ҳажми, стерилланганлиги, бактериал эндотоксин кўрсаткичи, миқдорий таҳлил, ёрлиқланиши ва қадоқланиши қатъий текширувдан ўтказилади.
Ҳозир корхонада умумий қиймати 10 миллион долларга тенг инфузион эритмалар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича янги лойиҳани амалга ошириш устида иш олиб борилмоқда.
– Президентимиз шу йил 7-8 июль кунлари вилоятимизга ташрифи давомида корхонамизда бўлиб, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар, ишчиларга яратилган шароитлар билан танишди. Фаолиятимиз ва келгуси режаларимизга юқори баҳо берди, – дейди корхона бош директорининг ишлаб чиқариш бўйича ўринбосари Насимжон Азизов. – Давлатимиз раҳбарининг янги лойиҳалар бўйича кўрсатма ва тавсиялари, эътиборидан руҳланиб, янада ғайрат билан ишламоқдамиз.
Корхона жамоаси ампула кўринишидаги инъекцион эритма дори воситаларини экспорт қилиш бўйича музокаралар олиб бормоқда.
Манба: ЎзА