Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Қурилиш материаллари ишлаб чиқариш кенгаймоқда
2017-07-27 | Иқтисодиёт
Миллий матбуот марказида «Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик жамияти таркибидаги корхоналар томонидан амалга оширилаётган ишлар, истиқболдаги режалар ва мавжуд имкониятларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
«Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Б.Зарипов ва бошқалар мамлакатимизда сифатли қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналар сонини кўпайтириш, бу орқали янги иш ўринлари яратиш, маҳсулотларнинг эспорт ҳажмини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Мамлакатимизда кўплаб янги саноат корхоналари, замонавий турар жой бинолари, кўркам ижтимоий-маиший объектлар бунёд этилмоқда. Жойларда қад ростлаётган бундай муҳташам иншоотлар турмушимизни янада обод ва фаровон этиши билан бирга, иқтисодий қудратимизни юксалтиришга хизмат қилмоқда. Ушбу ишлар самарадорлиги объектларни сифатли қурилиш материаллари билан доимий таъминлаш билан боғлиқ.
«Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик жамияти тизимига кирувчи корхоналар томонидан жорий йилнинг олти ойи давомида 1,5 триллион сўмлик саноат маҳсулотлари ҳамда халқ истеъмоли товарлари ишлаб чиқарилди. Бу ўтган йилнинг олти ойига нисбатан 7 фоиз кўпдир.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 25 октябрдаги «Республика қурилиш материаллари саноатини бошқаришни ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қурилиш материаллари саноати тузилмасини янада ривожлантириш ва диверсификация қилиш, тармоқ корхоналарини модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш учун хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш ҳамда унинг экспорт потенциалини ошириш, халқаро талаб ва стандартларга мувофиқ замонавий корпоратив бошқарув усулларини жорий этиш каби ишларни янги босқичга олиб чиқди.
Кейинги 5 йил ичида Ўзбекистонда цемент ишлаб чиқаришни йилик 8,5 миллион тоннадан 17 миллион тоннага ошириш режалаштирилмоқда. Сўнгги йилларда 30 дан ортиқ турдаги қурилиш материалларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Маҳсулотларни ташқи бозорга олиб чиқиш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётир. Бугунги кунда маҳсулотлар Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон, Россия, Афғонистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Эрон ва бошқа мамлакатларга экспорт қилинмоқда.
Анжуманда журналистларнинг саволларига мутахассислар жавоб қайтарди.
Манба: ЎзА