Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Ҳаракатлар стратегияси: тараққиётнинг янги босқичи”
2017-07-26 | Жамият
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги Фармони талабларини амалга оширилиши Ўзбекистон Республикасининг мамлакатни ислоҳ қилиш ва модернизациялаш, ривожланган бозор иқтисодиётига асосланган ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти барпо этиш, қонун устуворлигини, хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартиботни, давлат чегараларининг дахлсизлигини, жамиятда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш йўлидаги шаҳдам ҳаракатларига янги куч бағишлайди.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган вазифаларнинг мазмун-моҳиятини яна бир бор тўлиқ ўрганиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Маданият саройида вазирлик марказий аппарати ходимлари учун “Ҳаракатлар стратегияси: тараққиётнинг янги босқичи” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари, полковник А.Мирзаев очиб, ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни ҳар бир ходим мукаммал билиши, ички ишлар органларида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар жараёнида уларни ўз хизмат фаолиятида тадбиқ қилиб боришни таъкидлади.
Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Тараққиёт стратегияси маркази лойиҳалар раҳбари Р.Абдукаримов ҳамда ИИВ Академияси гуманитар ва ижтимоий-иқтисодий фанлар кафедраси доценти, полковник Ш.Қобилов мавзу юзасидан слайд орқали маъруза қилдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги