Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Истиқболдаги вазифалар белгилаб олинди
2017-07-26 | Жамият
Президентимизнинг жорий йил 12 июль куни Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар, Ўзбекистон Экологик ҳаракати, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари фаолиятининг таҳлили ҳамда истиқбол вазифаларига бағишланган видеоселектор йиғилишидаги “Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак” мавзусидаги маърузаси жойларда кенг ўрганилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси Кегейли тумани халқ депутатлари Кенгашининг навбатдаги сессиясида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, сиёсий партиялар вакиллари, Қорақалпоғистон Республикаси вазирликлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ва корхона-ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.
Маърузада турли соҳаларда эришилаётган ютуқ ва марралар билан бирга, ҳокимият вакиллик органлари, сиёсий партиялар ва Экологик ҳаракатнинг ўтган даврдаги фаолияти танқидий таҳлил этилиб, ислоҳотларни янада чуқурлаштириш борасидаги устувор вазифалар белгилаб берилди. Сиёсий партиялар ва депутатлар фаолиятида устувор мақсад ва вазифаларни амалга оширишга қаратилган аниқ таклиф ва ташаббуслар сезилмаётгани, аксинча, фақат сайлов кампанияси даврида фаоллашиш билан чекланаётгани, парламент ва депутатлик назоратини самарали амалга оширмаётгани қаттиқ танқид қилинди. Сиёсий партиялар уюшмаган ёшларга умуман эътибор қаратмаётгани, кадрлар захирасини шакллантириш ва уларнинг малакасини ошириш масаласи эътибордан четда қолаётгани, қонунлар қабул қилишда жамоатчилик, сайловчиларнинг кенг иштироки сезилмаётгани таъкидланди. Депутатларнинг иш услубини ўзгартириш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш каби муҳим масалалар бўйича аниқ вазифалар белгиланди.
Сессияда депутатлар, сиёсий партиялар вакиллари маърузада белгилаб берилган долзарб вазифаларни амалга оширишда баҳамжиҳат иш олиб бориш зарурлиги қайд этилди. Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни янада яхшилаш, ёшлар билан ишлаш борасида олиб борилаётган ишлар муҳокама этилди. Туман ички ишлар бўлими бошлиғи А.Солиев, туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи У.Шайпуришова, туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожланиш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари К.Бекимбетовнинг ҳисоботи тингланди.
Манба: ЎзА