Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Устувор вазифалар белгилаб олинди
2017-07-26 | Жамият
Гулистонда халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси ҳамда вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари, вилоят ҳокими ўринбосарлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари, сиёсий партиялар, турли ташкилотлар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган сессияда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 июль куни пойтахтимизда бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишидаги “Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак” мавзусидаги маърузасида белгиланган устувор вазифалар ижроси муҳокама этилди.
Мамлакатимиз иқтисодий тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини юксалтириш йўлида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда маҳаллий Кенгашлар ва сиёсий партиялар фаолияти тобора муҳим аҳамият касб этаётир. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан барча даражадаги вакиллик органларининг роли ва таъсирини ошириш мақсадида маҳаллий ижроия органларининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларда ҳисобот ва ахборот бериш тартиби йўлга қўйилиб, улар фаолияти устидан депутатлик ва халқ назорати ўрнатилмоқда.
Айни пайтда вилоятдаги сиёсий партиялар, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари фаолияти таҳлили улар томонидан ҳудудда мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича қонунчиликда белгиланган ваколат ва имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаётганини кўрсатмоқда. Улар иш услубини тубдан ўзгартиришни, аҳоли билан доимий мулоқотни ва таъсирчан депутатлик назоратини самарали йўлга қўйишни бугун ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда.
Маърузада билдирилган танқидий фикрлар сиёсий партияларнинг вилоятдаги ташкилотлари, вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳамда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларида фаолият юритаётган партия гуруҳларига ҳам бевосита тегишли экани, бинобарин, бу борада мавжуд камчиликларни бартараф этиш лозимлиги таъкидланди.
– Президентимиз маърузасини партиямиз йиғилишида атрофлича ўрганиб, ўз ишимизга танқидий нуқтаи назардан ёндашиш зарурлигини англадик, – дейди Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси вилоят кенгаши ижроия қўмитаси девони раҳбари Шерзод Нурматов. – Амалга оширилиши лозим бўлган дастурлар режаси ишлаб чиқилди. Партиямиздан сайланган ҳар бир депутат билан янада яқин ишлаш кераклиги таъкидланиб, партиямизнинг ҳар бир аъзоси зиммасига аниқ вазифалар юкланди.
Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи М.Жўраев, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Х.Тожиев ва вилоят ҳокимининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари О.Абдуғаниевнинг ҳисоботи тингланди.
Сессияда Сирдарё вилояти ҳокими Ғ.Мирзаев сўзга чиқди.
Манба: ЎзА