Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Жаҳон бозорига йўл

2017-07-26 | Иқтисодиёт

Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, соҳа субъектларининг эркин ва самарали фаолият юритиши учун яратилаётган кенг шароит ва имкониятлар юксак самаралар бермоқда.

Президентимизнинг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир. 

Ушбу имкониятлардан самарали фойдаланиб, ўз бизнесини йўлга қўйган ва ҳудуд ижтимоий-иқтисодий ривожига муносиб ҳисса қўшаётган тадбиркорлар сафи Тошкент вилоятида ҳам йилдан-йилга кўпаймоқда. 

2007 йилда 2 тикувчи билан иш бошлаган Бекобод шаҳридаги “Зулфия Бону чевар” масъулияти чекланган жамияти қисқа фурсатда харидоргир ва экспортбоп трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган тикувчилик корхонасига айланди. Бунда тижорат банкларидан олинган кредит маблағлари қўл келди. 

– 2014 йил шаҳримиздаги бўш турган бинони 150 миллион сўм инвестиция киритиш ва 10 иш ўрни яратиш мажбурияти билан “ноль” қийматда олиб, тикувчилик цехи ташкил этдик, – дейди корхона раҳбари Ўғилой Мирзамуродова. – Хориждан замонавий тикув ускуналари келтириб ўрнатдик. Бугун корхонамизда 30 малакали тикувчи меҳнат қилмоқда. Уларнинг 10 нафари касб-ҳунар коллежи битирувчилари. Катталар ва болалар учун замонавий дизайнда тайёрланаётган кийим-кечакларнинг 90 фоизи экспорт қилинмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида 75 минг долларлик маҳсулот Тожикистонга етказиб берилди. Айни пайтда Қозоғистон ва Россия давлатларига ҳам экспорт қилиш бўйича шартномалар тайёрланмоқда. 

Вилоятда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш ва қайта ишлашни кенгайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Бўстонлиқ туманидаги “Gazalkent meva” масъулияти чекланган жамияти мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш бўйича ҳудуддаги деҳқон ва фермер хўжаликлари билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйган. Хўжаликда 110 доимий, 400 га яқин мавсумий ишчи меҳнат қилаётир. 

– Президентимиз 21-22 июль кунлари вилоятимизга ташрифи давомида ҳудуд нафақат саноат соҳасида, балки қишлоқ хўжалигида ҳам улкан имкониятларга эга экани, ундан самарали фойдаланган ҳолда, юртимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлиги йўлида хизмат қилдириш зарурлигини таъкидлади, – дейди корхона раҳбари Д.Ғаниев. – Тошкент вилояти озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш бўйича мамлакатимизда етакчи ўринлардан бирида туради. Давлатимиз томонидан яратилаётган шароитлар бизни янада кўпроқ ишлаш, эл-юрт равнақи йўлида сидқидилдан меҳнат қилишга ундамоқда. Ўзингиз ўйланг-да, мендек оддий бир қишлоқ одами мустақиллик туфайли нафақат мулкдор, балки маҳсулотларини бир неча хорижий давлатга экспорт қилаётган, бунинг устига, Президентимиз ишлаб чиқарувчиларнинг ўзи тўғридан-тўғри хорижлик ҳамкорлар билан ишласин, жаҳон бозорига чиқсин, деб махсус ҳужжат қабул қилиб қўллаб-қувватлаб турган бўлса, ишламай бўладими? Мана, жорий йилнинг ўзида турли сабзавотлардан 1 минг 40 тонна икра ва 680 тонна тузланган бодринг ёпдик. Йил охирига қадар ҳали яна қанча ёпамиз, эҳ-ҳе. Ўшанда бир келинг, заминимиз неъматларидан неча хил, қандай мазали, сифатли консерва маҳсулотлари тайёрлаш мумкинлигини кўрасиз. 

Деҳқонларимиз етиштирган неъматларнинг аҳоли дастурхонига сифатли етказиб берилишини таъминлаш билан бирга, уни замонавий технологиялар асосида қайта ишлаш, қадоқлаш, янги турларини ўзлаштириш ҳам озиқ-овқат саноати корхоналарининг доимий эътиборида. Бу жараёнда инвестициялар жалб этиш муҳим аҳамиятга эга. 

Зангиота туманидаги “Сингапур Самарқанд” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги хорижий корхонада 70 дан ортиқ турдаги музқаймоқ ва музқаймоқ маҳсулотлари тайёрланмоқда. 100 дан зиёд ишчи меҳнат қилаётган жамоа жорий йилда 10 миллиард 155 миллион сўмлик 700 тоннадан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқарди. Махсус замонавий технологиялар билан жиҳозланган лаборатория хоналарида музқаймоқ ва шоколад маҳсулотларининг сифати текширилади. 

– Зангиота озиқ-овқат касб-ҳунар коллежини битирганман, – дейди ишчи М.Муҳамедова. – Ўзим қизиққан соҳада ишлаб, истеъмол бозорига арзон, сифатли ва мазали музқаймоқ етказиб беришга ҳисса қўшаётганимдан фахрланаман. 

Бундай корхоналар кўпайиб, жаҳон бозорига тўғридан-тўғри чиқишни мақсад қилган тадбиркорлар сафи кенгаяётгани юртимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш билан бирга, жойларда бандлик масаласини ҳал этиш ва аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

 

А.Мусаев, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться