Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Термиз шаҳрида барча қулайликларга эга “Нуронийлар маскани” мажмуаси фойдаланишга топширилди
2017-07-25 | Жамият
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, нуроний отахон ва онахонлар, вилоятда фаолият юритаётган миллий маданият марказлари вакиллари, ёшлар иштирок этди.
Мустақиллик йилларида мамлакатимизда кекса авлод вакилларини эъзозлаш, уларга юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, муносиб турмуш кечириши, дам олиши, жамиятда фаол бўлиши учун барча шароит яратиб берилаётгани алоҳида таъкидланди.
Президентимизнинг 2016 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишларни янги босқичда давом эттиришга хизмат қилаётир.
Ушбу ҳужжат ижроси доирасида барпо этилган муҳташам бинони капитал таъмирлаш, замонавий усулда жиҳозлаш учун 1 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланди. Кутубхона, нуронийлар чойхонаси, меҳмонхона, спорт-соғломлаштириш мажмуаси, маънавият, тиббиёт хоналари кекса авлод вакиллари мириқиб дам оладиган, маданий ҳордиқ чиқарадиган масканга айлантирилди.
– Ёшим етмишдан ошди, – дейди меҳнат фахрийси Бекмурод Қодиров. – Бу ерда биз нафақат дам олиб, вақтимизни чоғ ўтказамиз, балки гурунгу суҳбатларда қилишимиз керак бўлган ишлар, ёшлар тарбияси борасида гаплашиб оламиз. Эл-юрт тақдирига дахлдорлик туйғусини ҳис қилиб яшаш ёшимизга ёш, белимизга қувват бўлмоқда. Қаранг, масканда кексалар учун барча зарур шароит муҳайё. Чойхонада мириқиб гурунг қилиш мумкин. Кутубхона, духтурхонаси ҳам шу ерда. Хуллас, қарияга нимаики керак бўлса, барчаси муҳайё. Илоҳим, юртимиз тинч, халқимиз омон бўлсин. Ёшларимиз бахтли-саодатли бўлсин.
Нуронийларга давлатимиз раҳбари номидан “King Long” русумли автобус совға қилинди.
Тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими Э.Турдимов сўзга чиқди.
Манба: ЎзА