Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ёш полвонларимиз ғолиблик шоҳсупасида
2017-07-25 | Спорт
Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрида эркин, юнон-рум ва хотин-қизлар кураши бўйича кадетлар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида ёш спортчиларимиз муваффақиятли иштирок этди.
Эркин кураш бўйича вазни 42 килограммгача бўлган полвонлар ўртасидаги беллашувларда спортчимиз Умиджон Жалоловга тенг келадиган рақиб топилмади. У ҳал қилувчи баҳсда япониялик Рюжи Юрани мағлубиятга учратиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.
Вазни 63 килограммгача бўлган курашчилар баҳсида қатнашган яна бир иқтидорли спортчимиз Ихтиёр Нормуродов финалда мўғулистонлик Бямбадорж Энхбаяр устидан ғалаба қозониб, Осиё чемпионатининг олтин медалига сазовор бўлди.
Ўз вазн тоифасида Муҳаммадрасул Раҳимов кумуш, Жамшидбек Маъруфов бронза медаль билан тақдирланди.
Юнон-рум кураши бўйича ўтказилган беллашувларда Саидислом Тешабоев, Элдор Каримов ва Дилшод Омонгелдиев учинчи ўринни эгаллади. Хотин-қизлар кураши бўйича баҳсларда Умидахон Мақсетова ва Гулноза Жумабоева қитъа чемпионатининг бронза медалини қўлга киритди.
Манба: ЎзА