Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Электротехника саноати ривожланмоқда
2015-03-19 | Иқтисодиёт
«Ўзэлтехсаноат» акциядорлик компанияси мамлакатимиз ҳудудларида электротехника саноатини янада ривожлантириш мақсадида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари вакиллари учун Очиқ эшиклар кунини ўтказди.
Тадбирда истиқлол йилларида иқтисодиётимиз ва унинг етакчи тармоқлари, жумладан, электротехника саноати жадал суръатларда ривожланиб бораётгани таъкидланди. Ўтган йил якунларига кўра, мамлакатимизда ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотлари умумий ҳажмида электротехника саноати улуши қарийб 2 фоизни ташкил этди. Президентимизнинг шу йил 4 мартдаги 2015-2019 йилларда ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартириш, модернизация ва диверсификация қилишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармони электротехника саноатини янада ривожлантиришга хизмат қилади. Ҳужжатга мувофиқ, соҳада умумий қиймати 268,5 миллион долларлик 39 истиқболли инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилаётир.
Мамлакатимизнинг барча вилоятларидан элликка яқин тадбиркор қатнашган тадбир иштирокчилари маиший музлатгичлар, кир ювиш машиналари ишлаб чиқарилаётган янги «Роҳат» ишлаб чиқариш комплекси, маиший электр техника воситаларига сервис хизмати кўрсатиш маркази, шунингдек, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган маиший электр товарлари кўргазмасини бориб кўрди. Бундан ташқари, тадбиркорлар Тошкентдаги Турин политехника университети фаолияти, жумладан, ушбу олий ўқув юртининг электротехника соҳаси учун кадрлар тайёрлаш бўйича имкониятлари билан танишди.
«Ўзэлтехсаноат» акциядорлик компаниясидан маълум қилишларича, ушбу тадбир мамлакатимизда электротехника маҳсулотларини ишлаб чиқаришни кенгайтиришга қаратилган. Тадбиркорлик субъектларини соҳадаги истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга фаол жалб қилиш электротехника саноатини янги ривожланиш босқичига кўтариш имконини беради.
Тадбир доирасида электротехника соҳасининг бугунги ҳолати ва истиқболлари, электротехника маҳсулотларини сотиш бўйича ички ва ташқи бозордаги талаб ҳамда таклиф юзасидан ўтказилган маркетинг тадқиқотлари натижалари муҳокама этилди.
Шунингдек, иштирокчиларга истиқболли инвестиция лойиҳалари, уларни амалга ошириш йўллари ва услублари, «Ўзэлтехсаноат» акциядорлик компанияси томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига кўрсатилаётган ёрдам тўғрисида батафсил ахборот берилди.