Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Танқид ва таҳлил руҳида
2017-07-25 | Жамият
Андижонда Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг 2017 йил биринчи ярим йиллик фаолияти якунларига бағишланган сайёр йиғилиши ўтказилди.
Унда «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастури ижроси доирасида федерация ва унинг ҳудудий тузилмалари томонидан амалга оширилган ишлар танқидий таҳлил қилинди.
– 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган жамоатчилик бошқаруви тизимини такомиллаштириш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, – дейди Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси Ж.Саримсоқов. – Жумладан, халқ билан мулоқотнинг самарали механизмини жорий этиш, жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг замонавий шаклларини ривожлантириш, федерация тизимининг фуқаролик жамияти институти сифатидаги ижтимоий фаоллигини кучайтириш борасида давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти идоралари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, ўзини ўзи бошқариш органлари ва назорат қилувчи органлар билан фаол ҳамкорлик қилинмоқда. Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилининг асосий мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда, ҳар ойнинг иккинчи ўн кунлиги фуқаролар билан мулоқот кунлари этиб белгиланди. Федерациянинг барча даражадаги тузилмалари ҳузурида «Истеъмолчи билан мулоқот» ҳуқуқий маслаҳатхоналари ташкил этилди. Маслаҳатхоналар 6 ой ичида фуқаролардан келиб тушган 2 минг 835 мурожаатни рўйхатга олди. 2 минг 175 мурожаат бўйича уларга қонун талабларидан келиб чиқиб, ҳуқуқлари тушунтирилди. 300 дан ортиқ мурожаат юзасидан давлат ва назорат қилувчи, суд органларига мурожаат қилиш бўйича ҳуқуқий маслаҳат берилди.
Ҳисобот даврида федерация ва унинг ҳудудий тузилмаларига фуқаролардан 5 минг 725 мурожаат келиб тушган. Уларнинг 5 минг 258 таси ижобий ҳал этилиб, истеъмолчилар фойдасига 2 миллиард сўмдан ортиқ етказилган зарар қайта ҳисоб-китоб қилиб берилган.
Йиғилишда федерация, Қорақалпоғистон Республикаси истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерацияси ва вилоятлар ҳудудий бирлашмалари раисларининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари лавозимини жорий этиш бўйича қарор қабул қилинди.
Тадбир доирасида иштирокчилар Булоқбоши тумани «Қақир» қишлоқ фуқаролар йиғинида аҳоли билан учрашув ўтказиб, уларнинг муаммоларини ўрганди.
Манба: ЎзА