Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Депутатлар фаолияти такомиллашмоқда
2017-07-25 | Жамият
Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгашининг навбатдаги сессиясида халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, вилоятдан сайланган сенаторлар, Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси депутатлари, сиёсий партиялар вилоят кенгашлари раислари иштирок этди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 июль куни пойтахтимизда бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишидаги “Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак” мавзусидаги маърузасида белгиланган устувор вазифаларни амалга ошириш тўғрисидаги масала муҳокама этилди.
Мамлакатимизда жамият ҳаётининг барча соҳаларини янада эркинлаштириш ва ислоҳ қилиш жараёнида маҳаллий ижро ҳокимияти органларининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида ҳисобот ва ахборот бериш тартиби амалга киритилиб, улар фаолияти устидан таъсирчан депутатлик ва халқ назорати йўлга қўйилгани таъкидланди.
Давлатимиз раҳбарининг юқоридаги маърузасида таъкидланганидек, сиёсий партиялар фаолиятида муаммо ва камчиликлар мавжуд. Улар ўз электоратига берган ваъдалари, сайловолди дастурларини тўлиқ ва самарали бажармаётир. Маҳаллий Кенгашлар депутатлари, мазкур Кенгашлардаги партия гуруҳларининг фаолияти талаб даражасида эмас.
Сессияда Президентимиз маърузасида белгилаб берилган вазифалар асосида ўз фаолиятини танқидий баҳолаган ҳолда, ишни қайта ташкил этиш борасида кўриладиган чора-тадбирлар ҳақида сўз юритилди.
– Бугунги давр эскича тартибда ишлаш мутлақо мумкин эмаслигини кўрсатмоқда, – дейди Ўзбекистон Халқ демократик партияси вилоят кенгаши раиси вазифасини бажарувчи Робия Козимова. – Маърузада белгилаб берилган вазифалар бизнинг партиямиздан ҳам янада фаоллик ва фидойиликни талаб этмоқда. Бинобарин, дастурий мақсадларимиздан келиб чиқиб, чекка ҳудудларда, ижтимоий соҳа тармоқлари, шифохоналар, Меҳрибонлик уйларидаги аҳволни, муаммоларни ўрганиш ва уларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратамиз. Ногирон болаларни махсус адабиёт ва қўлланмалар билан таъминлашни ўзида қамраб олган инклюзив таълим тизимини ривожлантириш, олий ўқув юртларида ногирон талабалар учун имкониятларни янада кенгайтириш ҳам диққат марказимизда бўлади. Назаримизда партия ташкилоти аппарати таркибини қайта кўриб чиққан ҳолда, уюшмаган ёшлар билан ишлаш бўлими ҳамда юрист-консультант лавозимини жорий этиш мақсадга мувофиқдир.
– Давлатимиз раҳбари партиямиз фаолиятига жиддий эътироз билдирди, – дейди Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси вилоят кенгаши раиси Фармон Аминов. – Бу партия вилоят ва унинг қуйи ташкилотлари, партиядан маҳаллий Кенгашларга сайланган депутатларни фаолликка, иш услубини бугунги кун талаблари асосида ўзгартиришга ундамоқда. Шуларни назарда тутиб, кенгаш етакчилик қобилиятига эга ташаббускор ёшларни аниқлаш, уларни кадрлар захирасига киритиш, «Ёшлар қаноти» фаоллигини оширишга қаратилган лойиҳалар самарадорлигига эришиши лозим. Айни пайтда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, фермерлар, умуман, электоратимиз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда депутатлик назоратини янада кучайтириш чораларини кўрамиз.
Сессияда маърузада илгари сурилган вазифаларни амалга оширишда халқ депутатлари вилоят Кенгашининг устувор йўналишлари белгиланди. Ёшлар билан ишлаш, оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича олиб борилаётган ишлар самарадорлигини ошириш зарурлиги таъкидланди. Халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари томонидан ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга оид долзарб қарорлар қабул қилишда жамоатчилик ва сайловчилар иштирокини таъминлаш, депутатлик назоратини кучайтириш, қонунлар, давлат ва ҳудудий дастурлар ижроси юзасидан Кенгашлар сессияларида ижро ҳокимияти органларининг ҳисобот ва ахборотларини мунтазам эшитиб бориш амалиётини тизимли йўлга қўйиш масалалари доимий эътиборда бўлади.
Тадбирда халқ депутатлари вилоят Кенгаши доимий комиссиялари фаолиятини янада кучайтириш зарурлиги таъкидланди. Сиёсий партияларнинг халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги депутатлик гуруҳларига ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида ўз дастуридан келиб чиққан ҳолда, устувор мақсад-вазифаларни амалга оширишга қаратилган аниқ таклиф ва ташаббусларни илгари суриш, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 10-11 март кунлари Бухоро вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқларига асосан ишлаб чиқилган ҳар бир дастур ва лойиҳа ижроси устидан депутатлик назоратини амалга ошириш учун туман ва шаҳар Кенгашлари депутатларини масъул этиб бириктириш тавсия этилди.
Сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Н.Умаров, Бухоро вилояти ҳокими Ў.Барноев сўзга чиқди.
Манба: ЎзА