Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Халқаро кузатувчилар Наманганда
2015-03-19 | Жамият
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини кузатиш мақсадида мамлакатимизга келган Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги кузатувчилари миссияси штаби бошлиғи ўринбосари Олег Кулеба 6-Наманган округ сайлов комиссиясида бўлди.
Меҳмон Наманган вилоятида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик жараёнлари билан танишди. Округ сайлов комиссиясининг раиси Ғ.Ортиқов кузатувчига сайловни тенглик, очиқлик, ошкоралик ва адолат мезонлари, халқаро демократик тамойиллар ҳамда миллий қонунчилигимиз асосида ташкил қилиш борасида олиб борилаётган амалий ишлар ҳақида сўзлаб берди.
О.Кулеба Наманган шаҳридаги 7-, 32-, 97-, 114-сайлов участкаларида бўлиб, бу ердаги ташкилий ишлар, сайловчилар рўйхатининг шакллантирилиши, сайлов куни овоз берувчилар учун яратилган шароитлар билан танишди.
– Биз миссия таркибида МДҲ давлатларининг барчасида сайлов жараёнларини кузатиб, ҳар томонлама чуқур таҳлиллар асосида хулосамизни бериб борамиз, – дейди О.Кулеба. – Таҳлиллар Ўзбекистон сайлов қонунчилиги халқаро андозалар даражасида такомиллашиб бораётганини кўрсатади. Бу Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайловнинг ҳам юксак савияда ўтишига хизмат қилади. Сайловга тайёргарлик жараёни уйғониш ва янгиланиш айёми – Наврўз байрами тараддудига уйғунлашиб кетгани халқингизнинг очиқ чеҳраси, самимий муносабати ва кўтаринки кайфиятида ўз ифодасини топган.
Манба: ЎзА