Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Жиззахда Шароф Рашидов бюсти тантанали очилди
2017-07-21 | Жамият
Яқинда вилоятимизнинг Ш.Рашидов туманида “Халқимизнинг оташ қалб фарзанди” мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Тадбир вилоят ва туман ҳокимлиги, “Нуроний” жамғармаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, вилоят Маънавият – тарғибот маркази ва бир қатор мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида давлат ва жамоат арбоби, ёзувчи, адиб Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан ташкил этилди.
Тадбирга вилоят ҳокими Улуғбек Узоқов ҳамда Шароф Рашидовнинг катта фарзанди, кимёгар олима, Ўзбекистон фанлар академияси академиги, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Сайёра Рашидова ҳамда унинг яқин қариндошлари, вилоят ва туман жамоатчилиги вакиллари таклиф этилдилар.
Тадбир аввалида Шароф Рашидов тумани ҳокимлиги биноси олдида тантанали равишда Шароф Рашидов бюстининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбир қатнашчилари буюк адиб ёдгорлигига ўзларининг чексиз ҳурматларининамойиш этдилар ва бюст пойига гуллар қўйишди. (Эслатиб ўтамиз, мазкур бюст Жиззах шаҳрида “Ўзбекистон” меҳмонхонаси рўпарасидаги майдонга ўрнатилган эди.)
Шундан сўнг туман ҳокимлиги катта мажлислар залида Маънавият тарғибот маркази ташаббуси билан қатор таниқли ёзувчи ижодкорлар иштирокида илмий амалий конференция бўлиб ўтди.
****
Барчамизга маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 мартда “Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди.
Ушбу қарорга асосан таниқли давлат ва жамоат арбобининг 100 йиллиги мамлакатимизда кенг нишонланади. Унинг номини абадийлаштириш юзасидан республикамизда, шу билан бирга Жиззах вилоятида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан Президентимиз қарори ижросини таъминлаш мақсадида вилоят ҳокимлиги томонидан махсус чора-тадбирлар режаси тасдиқланди. Унга кўра Шароф Рашидов хотирасини абадийлаштириш бўйича жуда катта ташкилий-амалий чора-тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган бўлиб, Жиззах шаҳрида Шароф Рашидов хотирасига бағишланган ёдгорлик мажмуаси барпо этилмоқда.
Шароф Рашидов ҳаёти ва ижодий фаолияти билан халқимиз айниқса ёш авлодни яқиндан таништириш мақсадида унинг мемориал уй музейи қайтадан таъмирланмоқда.
Ш.Рашидов шарафига Жиззах шаҳри марказида ҳайкал ва ижод боғи барпо этилмоқда. Адиб туғилиб ўсган Жиззах туманига унинг номи берилиши Шароф Рашидовнинг ўчмас хотираси доимо ёдимизда эканлигининг ёрқин намунасидир.
Айни пайтда Шароф Рашидов ҳаёти билан боғлиқ архив ҳужжатлари ва фотоархивларини ўрганиш, тарихий хужжатлар ва фотолавҳалар асосида “Мураккаб даврнинг матонатли шахси” номли фотокўргазмани ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда.
Вилоятимиздаги барча таълим муассасаларда, маҳалла, корхона ва ташкилотларда Шароф Рашидовнинг ҳаёт йўли, бой ижод намунаси асосида “Шароф Рашидовнинг Ўзбекистон тарихида тутган ўрни”, “Шароф Рашидов – мураккаб ва машаққатли даврнинг буюк фарзанди” мавзуларида “Хотира соати” ҳамда Шароф Рашидов билан бир даврда яшаган ва унинг фаолиятини яқиндан билган кексалар, маданият ва санъат намоёндалари олим ва зиёлилар ҳамда шоир – ёзувчилар иштирокида давра суҳбатлари, учрашувлар ўтказилиб келинмоқда.
Вилоят мусиқали драма театрида Шароф Рашидовнинг “Кашмир қўшиғи” асарини саҳналаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Манба: Жиззах вилояти ҳокимлиги