Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Қонунийлик, очиқлик ва ошкоралик – фаолиятимиз асоси
2015-03-19 | Жамият
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича сайлов кампанияси қизғин паллага кирди. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқоти давом этмоқда. Сайлов участкаларида сайловчилар рўйхатлари шакллантирилди, аҳолининг сайлов билан боғлиқ жараёнлардан хабардорлиги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш борасида ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада Самарқанд вилоятида олиб борилаётган ишлар ҳақида ЎзА мухбири 7-Самарқанд округ сайлов комиссияси раиси Яхшинор Аллаёров билан суҳбатлашди.
– Бу галги Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови халқаро ҳуқуқ меъёрлари ва талабларидан келиб чиқиб, миллий сайлов қонунчилигимиз такомиллашган, мамлакатимизда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлар юксак самаралар бераётган бир пайтда ўтаётгани билан аҳамиятлидир, – дейди Я.Аллаёров. – Бу Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган "Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастури"га мувофиқ ўтказилаётган сайлов кампанияси жараёнларида яққол ўз ифодасини топмоқда.
"Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида"ги қонунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказишни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, округ ва участка сайлов комиссиялари таъминлайди.
Округ сайлов комиссияси ўз ваколати доирасида қонунда белгиланган муддатда Самарқанд вилоятидаги туман ва шаҳар ҳокимликларининг, ҳарбий қисмлар ёки ҳарбий қўшилмалар командирларининг тақдимномасига биноан округ бўйича 957 сайлов участкасини тузиш тўғрисида қарор қабул қилди. Сайловчиларга ҳар томонлама қулайлик яратиш ҳамда овоз бериш жараёнларини юксак савияда ўтказиш мақсадида сайлов участкалари учун энг замонавий бинолар танланди. Халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларининг тавсияси асосида округ ҳудудидаги участка сайлов комиссияларининг таркиби тасдиқланди. Комиссия аъзолигига жамоатчиликнинг обрўли вакилларидан 10 минг нафарга яқин фуқаро жалб этилган.
Аҳоли, айниқса, ёшлар ҳамда участка сайлов комиссиялари аъзоларининг ҳуқуқий билимини янада ошириш, участка сайлов комиссиялари ишини самарали ташкил этиш мақсадида барча туман ва шаҳарларда семинар-тренинглар ўтказилди. Бу тадбирларда Марказий сайлов комиссияси аъзолари ва экспертлари, Самарқанд округ сайлов комиссияси аъзолари, вилоят адлия бошқармаси, фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти вилоят ҳудудий бўлими ва бошқа идоралар вакиллари маърузалар билан қатнашди. Ҳозирда округ сайлов комиссияси аъзолари туман ва шаҳарларда мазкур семинарларнинг узвий давоми сифатида аҳоли ҳамда участка сайлов комиссиялари аъзолари билан давра суҳбатлари, учрашувлар ўтказмоқда.
Айни пайтда сайлов участкаларининг барчасида комиссиялар тўлиқ таркиб билан фаолият кўрсатмоқда. Улар томонидан сайловчилар рўйхатлари тузилиб, аҳоли танишиб чиқиши учун участкаларда жойлаштирилди. Бунда Марказий сайлов комиссияси томонидан берилган тавсиялар ва амалдаги қонунчилик талабларига тўла риоя этилди.
– Сайловолди ташвиқоти сайловнинг энг муҳим босқичларидан бири ҳисобланади. Бу борада округ сайлов комиссияси томонидан қандай ишлар амалга оширилмоқда?
– Марказий сайлов комиссияси ҳамда округ сайлов комиссиясининг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқоти тўғрисидаги қарорларига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга, сиёсий партияларга белгиланган тартибда оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиш, сайловчилар билан йиғилишларда ҳамда сайловчилар учун қулай бўлган бошқа шаклда учрашувлар ўтказишда тенг ҳуқуқ берилди.
Номзодлар ҳақидаги маълумотлар, уларнинг дастури акс этган ташвиқот материаллари, кўргазмали воситалар барча участкаларга тарқатилди. Сайловчилар бу воситалар орқали зарур маълумотлар олмоқда. Жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар раҳбарлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга сайловчилар билан учрашувлар ўтказишни ташкил этиш, зарур маълумот ва ахборот материаллари олишда ёрдам кўрсатмоқда. Президентликка номзодларнинг Самарқанд вилояти сайловчилари билан учрашувлари ана шу имконият ва шароитлардан тўла фойдаланилган ҳолда бўлиб ўтди. Номзодларнинг ишончли вакиллари туман ва шаҳарларда сайловчилар билан учрашувлар ўтказмоқда.
– Сайловнинг очиқ ва ошкоралигини таъминлашда оммавий ахборот воситаларининг алоҳида ўрни бор. Сайлов жараёнини ёритиш ва кузатиб бориш учун оммавий ахборот воситаларига қандай шароитлар яратилган?
– Мамлакатимиз сайлов қонунчилигига кўра, оммавий ахборот воситалари сайловга тайёргарликнинг бориши ва сайлов қандай ўтаётганлигини ёритиб боради. Журналистларнинг округ ҳудудида сайлов жараёнларини бевосита кузатиб, оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиши учун комиссия ҳузуридаги матбуот марказида кенг имкониятлар яратилган. Комиссия мажлислари, жойларда ўтказилаётган семинарларга оммавий ахборот воситалари вакиллари таклиф этилмоқда. Округ сайлов комиссияси Самарқанд вилоятидаги оммавий ахборот воситалари раҳбарлари, республика оммавий ахборот воситаларининг вилоятдаги мухбирлари ҳамда мустақил журналистларнинг мурожаатларини инобатга олиб, округ ҳудудида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови жараёнларини оммавий ахборот воситаларида ёритиш учун эллик нафардан зиёд журналистни аккредитациядан ўтказди.
– Мамлакатимиз сайлов қонунчилигига кўра, сайловчилар муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга. Сайловчиларнинг мазкур ҳуқуқдан фойдаланиши учун округ сайлов комиссияси томонидан яратилган шароитлар ҳақида маълумот берсангиз.
– Округ сайлов комиссиясининг 14 март куни ўтказилган мажлисида шу масала ҳам муҳокама этилиб, зарур чора-тадбирлар белгиланди. Сайлов қонунчилигимизда белгиланганидек, сайлов куни ўз яшаш жойидан узоқда бўлган сайловчи муддатидан олдин овоз бериши мумкин. Бунинг учун у сайлов кунида бўла олмаслиги сабаблари (таътил, хизмат сафари, чет элга чиқиш ва ҳоказо) кўрсатилган ариза асосида ўз яшаш жойидаги участка сайлов комиссиясига мурожаат қилади ва сайлов варақасини олиб, овоз беришни амалга оширади. Муддатидан олдин овоз бериш сайловга ўн кун қолганида бошланади ва сайловга бир кун қолганида тугалланади.
Жорий йилнинг 29 март куни ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови Ватанимиз ва халқимиз ҳаётидаги ғоят муҳим ижтимоий-сиёсий воқеа сифатида давлатимизнинг яқин йиллардаги тараққиёт йўналишларини белгилаб олиш имконини беради. Бунда ҳар бир сайловчининг иштироки, қабул қилган қарори ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканлигини унутмаслигимиз лозим.
Манба: ЎзА