Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тошкент вилоятида фуқаролар билан қабул ўтказилди
2017-07-21 | Жамият
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2017 йилни «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» деб эълон қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбарияти томонидан аҳоли билан мулоқот қилиш мақсадида жойларга чиққан ҳолда учрашувлар ўтказилмоқда.
Хусусан, 2017 йилнинг 17 июль куни Фавқулодда вазиятлар вазири Р.Джураев Тошкент вилоятида бўлди.
Мазкур тадбир Тошкент вилояти Ўртачирчиқ туманидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонасида ташкил этилиб, унда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармасининг мутасадди ходимлари, шунингдек, Ангрен, Охангарон, Бўстонлиқ, Қибрай, Паркент туманларида истиқомат қилувчи фуқаролар иштирок этдилар.
Қабул давомида 19 нафар фуқаро ўзларини қийнаётган муаммо билан мурожаат қилишди. Барча мурожаатлар Тошкент вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда ўрнатилган тартибда кўриб чиқилди. Шу билан бирга, мутасаддиларга қирғоқ мустаҳкамлаш, кўприкларни таъмирлаш, дарё ва қирғоқларни тозалаш ишларини ташкил қилиш бўйича кўрсатмалар берилди. Бундан ташқари, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимига ҳарбий хизматга қабул қилиш юзасидан 10 нафар фуқаронинг мурожаатлари кўриб чиқилди.
Фуқароларни қабул қилиш тадбирлари давом этмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги