Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Наманганда Республика идоралари раҳбарлари халқ билан мулоқотда бўлди
2017-07-21 | Жамият
Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йилнинг мамлакатимизда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилиниши муносабати билан жойларда ислоҳотларнинг бориши билан яқиндан танишиш, қабул қилинаётган қонун ва бошқа ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар ижросини ўрганиш ҳамда аҳолининг талаб ва таклифларини эшитган ҳолда келгуси вазифаларни белгилаб олишда муҳим аҳамият касб этади.
Жумладан, давлат органларининг фуқаролар билан ўзаро муносабатлари тубдан қайта кўриб чиқилиши, бу борада аҳоли билан доимий мулоқот ўрнатиш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг янги механизмлари ва самарали усулларини жорий қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Наманган вилоятида ҳам Республика идоралари раҳбарлари ва масъул ходимлари томонидан халқ билан мулоқот ўтказилди. Уларнинг дастури “Адолатли жамият қуриш ҳамда фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида коррупцияга қарши кураш муаммолари”га қаратилди.
Халқ билан учрашувларда Адлия вазири М.Икрамов, шунингдек, вазирлик бошқармаси бошлиғининг ўринбосарлари Н.Муҳаммадиев, А.Мадаминов, вилоят адлия бошқармаси бошлиғи С.Нуриевлар Уйчи ҳамда Учқўрғон туманларида сайёр қабуллар ўтказишди.
Наманган шаҳри ҳамда Наманган тумани тадбиркорларининг вакиллари вилоят божхона бошқармаси биносига йиғилишди. Бу ерда Давлат божхона қўмитаси раиси М.Тоҳирий, қўмита бошқарма бошлиғи Б.Шарипов, шунингдек, вилоят бошқармаси бошлиғи О.Ҳожиматов, бошқарма бўлим бошлиқлари ҳамда мутахассислари кўплаб саволларга жавоб қайтаришди. Бу каби учрашувлар Поп ва Чуст туманларида ҳам бўлиб ўтди.
Бош прокурор И.Абдуллаев, бошқарма бошлиқлари – Ш.Мустафоев, М.Бобоевлар Чуст ва Норин туманларида бўлишди. Олий суд раиси К.Комилов, судьялар – Х.Эгамбердиев, М.Эргашевлар эса Поп туманининг учта ҳудудида аҳолини қабул қилди. Чодакдаги конметаллургия коллежи, Ғурумсарой қишлоқ хўжалиги коллежи, Найман аҳоли дам олиш маркази аҳоли билан гавжум бўлди. Ички ишлар вазири А.Азизовнинг соҳавий тизим раҳбарлари Косонсой ва Янгиқўрғон туманларида бўлишди.
Республика Давлат солиқ қўмитаси раиси Б.Парпиев, қўмитанинг бошқарма бошлиқлари М.Маҳкамов, Т.Тоштемиров, шунингдек, вилоят бошқармасининг тегишли мутахассислари фуқароларни қийнаб келаётган мурожаатларни эшитиб, улар томонидан йўлланган саволларга тўлақонли жавоб қайтаришди. Наманган шаҳри, Учқўрғон, Тўрақўрғон, Поп ва Чуст туманларидаги учрашувлар таассуротларга бой бўлди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги