Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тасвирларда барҳаёт сиймолар
2017-07-21 | Маданият
Ўзбекистон Бадиий академияси марказий кўргазмалар залида Ўзбекистон санъат усталарининг ретроспектив кўргазмаси очилди.
“Бизнинг мерос” туркумидан ташкил этилган ушбу кўргазмага мусаввирлар, тасвирий санъат ихлосмандлари, журналистлар ташриф буюрди.
Ўзбекистон Бадиий академияси раиси А.Нуриддинов ва бошқалар Ўзбекистон санъат усталари қолдирган ижодий мерос ёш мусаввирларнинг ўз йўли ва услубини танлаши, ўқиб-изланиши, маҳоратини оширишда муҳим манба бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.
Кўргазмага М.Аринин, В.Еремян, А.Николаев, В.Рождественский, И.Гартван, В.Кайдалов, Д.Синицкий, К.Чепраков, К.Богодухов, Б.Бобоев, Г.Мордвинцева, Ю.Стрельников, Ю.Талдикин, М.Тўхтаев каби рассомларнинг турли жанрдаги асарлари қўйилган. Уларда тарих, маданият, санъат ва халқимиз ҳаёти ўз ифодасини топган.
– "Навоий", "Афсоналар туғиладиган дунё", "Бойсунлик қиз", "Бахмаллик қиз" каби суратларда ҳолат ва тасвир уйғунлиги моҳирона берилган, – дейди санъатшунос Эътибор Мирзаназарова. – Гарчи бу асарларни яратган мўйқалам усталари бугун орамизда йўқ бўлса-да, улар қолдирган санъат асарлари орқали қайта-қайта ёд этилади. Уларнинг ижоди ёш мусаввирларга маҳорат мактаби вазифасини ўтайди.
Кўргазма экспозициясидан Бадиий кўргазмалар дирекцияси, рассомлар архиви ва шахсий коллекциялардан келтирилган уч юзга яқин асар ўрин олган.
Манба: ЎзА