Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Китобхонлар учун қўшалоқ туҳфа
2017-07-21 | Жамият
Миллий матбуот марказида Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан нашр этилган “Ал-Қомус” арабча-ўзбекча қомусий луғат ҳамда Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғати-т-турк” китоби тақдимотига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита вакиллари, Тошкент ислом университети профессор-ўқитувчилари, академиклар, араб тили бўйича мутахассислар, таржимонлар, ёшлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий У.Алимов, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси О.Юсупов ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида аҳоли ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш, ижодкорларни қўллаб-қувватлашга қаратилаётган алоҳида эътибор маънавий-маърифий соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларни янги босқичга кўтарганини таъкидлади. Давлатимиз раҳбарининг шу йил 12 январдаги «Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида»ги фармойиши бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан 2016 йил ва жорий йилнинг ўтган даврида кўплаб бадиий асарлар нашр этилди. “Адабиёт хрестоматияси” рукнида 44 жилддан иборат китоблар мажмуаси, “Ўзбек халқ ижоди ёдгорликлари” 100 жилдлигининг 10 жилди, “Нашриётимиз хазинасидан” рукнида 17 номдаги китоб, халқимиз тарихи, маданий мероси, миллий қадриятлари, юртимиз илм-фани, замонавий иқтисоди, ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий соҳаларда эришилган ютуқлар ҳақида ҳикоя қилувчи китобларни ўқувчилар эътиборига ҳавола этди.
– Академик Н.Иброҳимов таҳрири остида оригинал манбалар асосида тузилган, тўрт жилддан иборат «Ал-Қомус» арабча-ўзбекча қомусий луғатининг биринчи жилди ва буюк бобокалонимиз Маҳмуд Кошғарийнинг машҳур “Девону луғати-т-турк” китоби нашрдан чиққани халқимиз учун ўзига хос ажойиб маънавий туҳфа бўлди, – дейди Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи директори Л.Тангриев. – «Ал-Қомус» арабча-ўзбекча қомусий луғат мумтоз ва замонавий араб адабий ҳамда сўзлашув тилидаги юз мингдан ортиқ сўз ва ибораларни, фан-техника, санъат, маданият соҳасига оид атама-тушунчаларни қамраб олган. У шарқшунос-арабшунослар, манбашунос-тарихчилар, араб тилини ўрганувчилар ва кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган. “Девону луғати-т-турк” асари туркий тилшуносликнинг тенги йўқ ёдгорлиги ҳисобланади. Дунё тилшунослигида кенг эътироф этилган мазкур китобнинг ўзбек тилидаги илк таржимаси 1960 йилда нашр этилган эди. Бу галгиси янги нашр экани билан аҳамиятлидир.
Манба: ЎзА