Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ҳар қарич ернинг "феъли"ни биладиган фермер

2017-07-21 | Иқтисодиёт

Ёз чилласи бўлишига қарамай Араббой аканинг даласида иш қизғин. Ғалладан бу йил мўлжалдагидан анча кўп ҳосил олинди. 36 гектар майдонда баравж ўсаётган ғўза агротехник талаблар асосида парваришланмоқда.

Фермер хўжалиги далаларини айланар экансиз, ажиб бир тароватдан роҳатланасиз. Ариқ тўлиб оқаётган сув ҳам, гармсел ҳам деҳқон меҳнатига тасанно айтаётгандек. Ёз чилласида қуёш тафтидан баҳраманд бўлаётган ғўза, ғарқ пишган полиз маҳсулотлари кўзни қувонтиради. 

Дарҳақиқат, қуш тинса тинадики, деҳқон тинмайди. Мана ҳозир, авжи саратон кунларида ҳам унинг қўли-қўлига тегмайди. Дала шамолида чиниққан, ҳар қарич ернинг "феъли"ни биладиган пахтакору ғаллакорларимиз, боғбонларимиз бу йилги деҳқончиликнинг чўғидан хурсанд. 

Фарғона вилоятида пахтачилик, ғаллачилик, боғдорчилик, чорвачилик каби кўплаб йўналишларда 13 мингдан зиёд фермер хўжалиги фаолият кўрсатмоқда. 

Ёзёвон туманидаги “Рўзибону” фермер хўжалиги вилоятдаги катта тажрибага эга хўжаликлардан бири. Хўжалик аъзолари жорий йилда 43 гектар ерда ғалла етиштирди. Экин белгиланган агротехника қоидалари асосида парвариш қилингани боис, гектаридан 70 центнердан ошириб ҳосил олинди. 

Энди бутун эътибор ғўза парваришига қаратилган. Марказий Фарғона ҳудудида деҳқончилик қилиш машаққатли иш. Ҳаво ҳарорати кескин кўтарилиб, ғўзанинг сувга бўлган талаби кун сайин ошаётган айни дамда экинларни чанқатмасдан, бир меъёрда суғориш деҳқондан катта малака, маҳорат ва жонбозлик талаб этади. Мазкур хўжалик аъзолари учун бундай фидойилик одатий ҳол. 

– Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар биз, фермерларнинг ҳам меҳнатга, ерга муносабатини, дунёқарашини бутунлай ўзгартириб юборди, – дейди “Рўзибону” фермер хўжалиги раҳбари Араббой Болтабоев. – Бугун фермер қишлоқдаги ислоҳотларнинг етакчи кучига айланган. Президентимиз таъкидлаганидек, фермер фақат пахта ва ғаллага қараб қолмаслиги керак. Замонавий фермер хўжалиги кўп тармоқли бўлиб, нафақат ғалла ва пахтадан мўл ҳосил олиши, балки балиқчилик, паррандачилик, чорвачилик, асаларичилик каби тармоқларни, ҳатто қайта ишлашни ҳам йўлга қўйиш орқали даромадини кўпайтириши лозим. Бунинг учун ҳукуматимиз томонидан барча имкониятлар яратилган. Фермер ҳар соҳада билимдон бўлишини замоннинг ўзи тақозо этмоқда. 

Фермер хўжалигида чорвачилик, балиқчилик тармоғи ҳам ташкил этилган. 2015 йилда банкдан олинган кредит эвазига музқаймоқ ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. 

Араббой ака бу кунларга осонликча эришгани йўқ. Ўзи айтмоқчи ерга меҳр берди, у билан тиллашди. Ҳудудидаги ҳар бир контур шароитини қунт билан ўрганди. Ёнига ишнинг кўзини биладиган деҳқону мутахассисларни олди. Қилинган меҳнат самара бермай қолмади. Ширкат хўжалиги даврида аранг 18 центнерга етказиб пахта олинган майдонларда ҳосилдорлик бир йилдаёқ 35 центнердан ошди. Ғалла майдонларининг ҳосилдорлиги ҳам икки баробар кўпайди. 

Тан олиш керак, бугунги кунда деҳқончилик маданияти муҳим аҳамиятга эга. Фермер керак бўлса, иқтисодчи, агроном, мироб бўлиши шарт. Агар ана шуларни ўзлаштирмаса, кўзланган маррага ета олмайди. Араббой акада буларнинг барчаси мужассам. Эътиборлиси, фермер хўжалиги уруғчиликда ҳам катта тажриба тўплаган. Ерга шудгорлаш мавсуми ва ғўза парвариши даврида етарли миқдорда маҳаллий ўғит солинади. 

– Бу ёз ойларидаги жазирама иссиқ таъсирини камайтиришда қўл келади, дейди у. – Албатта, эгат ораларига сифатли ишлов беришнинг нафи бўлакча. 

Хўжаликнинг зарур транспорт воситалари билан таъминлангани мўл ҳосил етиштиришда муҳим омил бўлмоқда. Ишнинг ана шундай омилкорлик билан йўлга қўйилгани самарасида ўтган йили хўжаликда ҳосилдорлик пахтадан 35, ғалладан 75 центнерни ташкил этди. 

70 ишчи меҳнат қилаётган хўжаликда самарадорликни ва жамоа аъзолари манфаатдорлигини ошириш юзасидан салмоқли ишлар олиб борилаётир. Ўтган йили хўжалик 100 миллион сўмдан зиёд соф даромад олган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич янада кўпайиши кутилмоқда. 

Ер – хазина. Унинг ҳар қаричидан унумли фойдаланиш мўл ҳосил ва барака дегани. "Рўзибону" фермер хўжалигида бу ҳаётий тамойилга қатъий амал қилинаётир. Жорий йилда 215 тонна уруғлик ғалла етиштирилди. Ғалладан бўшаган майдонлар пешма-пеш шудгорланиб, такрорий экин экилмоқда.

 

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться