Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Шоҳимардонга бир келинг

2017-07-20 | Жамият

Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасида шаҳару қишлоқларимиз замонавий қиёфа касб этиб, аҳоли турмуш фаровонлиги юксалмоқда. Айниқса, қишлоқ инфратузилмасини янада яхшилаш, қишлоққа саноатни олиб киришга қаратилаётган эътибор одамларнинг ҳаётга, меҳнатга муносабатини тубдан ўзгартириб, эртанги кунга ишончини мустаҳкамламоқда.

Буни Фарғона тумани Шоҳимардон қишлоғи мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Пурвиқор тоғлар бағридаги бу қишлоқ мустақиллик йилларида янада чирой очиб, аҳоли яшаш тарзида туб ўзгаришлар рўй берди. 

Илгари вилоят марказига бирор юмуш билан борадиган одам гўё узоқ юртга кетаётгандек тайёргарлик кўрарди. Ўнқир-чўнқир йўл азоби, тирбандлигидан оёқ босгани жой бўлмаган эски автобусда юришни бўйнига олган одамгина бунга жазм этарди. Мустақиллик шарофати билан бу қийинчиликлар ортда қолди. Бугун кенг ва равон Фарғона – Шоҳимардон йўлида мамлакатимизда ишлаб чиқарилган замонавий машиналар бир зумда манзилингизга элтади. 

Тоғ одамлари ҳам қишлоқнинг ўзидек бағрикенг, самимий, меҳнаткаш. Ёшлари истеъдодли. Афифа исмли уч ёшли қизалоқнинг ноёб истеъдоди ҳақидаги гаплар вилоят марказигача етиб борган.

– Энди тили чиқа бошлагандаёқ қизимнинг хотираси кучли эканини пайқагандим, – дейди онаси Маҳлиё Қўшоқова. – Қандай эртак ўқиб бермайлик, бутун матнни болаларга хос тилда қайта ҳикоя қила оларди. Бир куни бувиси давлатлар номи, уларнинг пойтахтлари ҳақида гапириб берди. Қизим барчани лол қолдириб, худди ўша тартибда бирма-бир қайтарди. Кейин глобусдан мамлакатлар жойлашувини тушунтирди. Афифа ҳеч қийналмасдан ўша давлат ва унинг пойтахтини кўрсатар ва номини айтарди. 

Қизиқишимиз ортиб, биз ҳам қитъа ва давлатлар номини атайлаб чалкаштириб айтдик. У ҳеч адашмай “ер шари”дан ўша қитъа ёки давлатни топди ва пойтахти фалон шаҳар деб, жажжи бармоқлари билан кўрсатди. Умуман, дунё харитасидан 183 давлатни ҳеч қандай хатосиз кўрсатиб берди. 

"Шоҳимардон" ва "Ёрдон" маҳалла фуқаролар йиғинида 6 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Ҳудудда иккита умумтаълим мактаби, шифохона фаолият кўрсатмоқда. 

– Қишлоғимиз аҳолиси тинч-тотув, аҳил-иноқ ҳаёт кечирмоқда, – дейди "Шоҳимардон" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Рустам Тожибоев. – Маҳалла ободлиги, аҳоли турмуш фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган ишлар қишлоғимиз мисолида ҳам ўз самарасини бермоқда. Тўй-тўйга уланиб, замонавий уйлар қурилаётир. “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари” йилида давлат бошқаруви органлари раҳбарлари, мутасаддилар қишлоғимизга келиб, аҳоли билан мулоқот қилмоқда. Кўплаб муаммолар ўз вақтида амалий ҳал этилаётганидан қишлоғимиз аҳли мамнун.
 
Шоҳимардонда фаолият кўрсатаётган ўнта фермер хўжалиги асосан мева-сабзавот етиштиришга ихтисослашган. Давлатимиз томонидан тадбиркорлик фаолияти учун кенг имкониятлар яратиб берилаётгани қишлоқ аҳолисига қўл келмоқда. Ҳудудда ўттиздан зиёд тадбиркор турли хизмат кўрсатиш шохобчалари ташкил этган. Савдо дўкони, сартарошхона, суратхона, темирчилик устахонаси, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш устахонаси, “Гўзаллик салони”, хуллас, замонавий ҳаёт кечириш учун нимаики зарур бўлса, барчаси шу ернинг ўзида муҳайё. Яқинда вилоят ҳокимлигининг ташаббуси билан Фарғона – Шоҳимардон йўналишида автобус қатнови йўлга қўйилгани тоғликларни янада хурсанд қилди. 

Бу қадим қишлоқнинг хушманзара табиати барчани ўзига ром этиши аниқ. “Farg‘ona vodiy sayyoh” масъулияти чекланган жамияти томонидан бу ерда “Шоҳимардон” экотуризм маркази ташкил этилган. Айни кунларда юртимизнинг турли ҳудудларидан бу ерга кўплаб меҳмонлар ташриф буюрмоқда. 

Қишлоқ аҳли тиббий хизматдан мамнун. 64-қишлоқ оилавий поликлиникасида барча шароит мавжуд. Қишлоқда шифокорлар уйи ҳам ташкил этилган. Яқинда бу ерда яна бир хайрли ишга қўл урилди. Вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан қурилган янги шифохона иш бошлади. Шифо масканида туғруқ, ички касалликлар, жарроҳлик, болалар бўлимлари фаолият кўрсатади. 

– Ёши катталар яхши эслайди, собиқ тузум даврида тиббиёт олий ўқув юртини битирган мутахассислар чекка туман ва қишлоққа бормас, имкон қадар шаҳарда қолишга ҳаракат қиларди, – дейди “Шоҳимардон” қишлоқ оилавий поликлиникаси мудири, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳибаси Дилором Тошболтаева. – Негаки, қишлоқ шифо масканларида ҳеч қандай шароит йўқ эди-да! Бугунгидек аниқ ташхис қўйиш ва даволаш учун замонавий шароит у ёқда турсин, ҳатто тузукроқ тиббий асбоб-ускуна ҳам бўлмаган. Етти йил ўқиб-ўрганган билимини амалда қўллаш учун ҳеч қандай шароит бўлмаса, беморга зарур ёрдам кўрсатолмасанг, шифокор учун бундан ортиқ азоб йўқ. Бугун бари бошқача. Ёш шифокору ҳамширалар қишлоқ жойларида замонавий шароитларда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида сидқидилдан меҳнат қилмоқда. Масалан, бизда ҳам аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш учун зарур шароит мавжуд. 

Шоҳимардон қишлоғи полвонлари билан ҳам машҳур. Марҳум Лочин полвон Усмонов бир пайтлар қишлоқнинг фахри бўлган. Бугун ҳам тўй-ҳашамларда кураги ер кўрмаган полвонлар кўп. Улар ота-боболари анъаналарини давом эттириб, юртимиз спортини халқаро миқёсда тараннум этишга ҳисса қўшмоқда. 

Бутун мамлакатимизда бўлгани каби Шоҳимардонда ҳам Президентимизнинг шу йил 27 июндаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма олти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори асосида энг улуғ, энг азиз айёмни муносиб кутиб олиш учун катта тайёргарлик кўрилмоқда. “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” шиори остида турли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилаётир. 
 

 

Маъсуджон Сулаймонов, Муқимжон Қодиров (сурат), ЎзА

Поделиться