Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тезкор тараққиёт билан ҳамқадам
2017-07-19 | Технологиялар
Жиззах вилоятида ахборот-коммуникация тизимини ривожлантириш, соҳани малакали мутахассислар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
– Ахборот-коммуникация технологиялари тараққиёти соҳада малакали кадрларга бўлган эҳтиёжни ҳам оширмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Жиззах вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Акмал Савурбоев. – Президентимизнинг 2017 йил 15 мартдаги "Тошкент ахборот технологиялари университетининг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳани янада ривожлантириш учун ёш мутахассислар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Юртимизда замонавий ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида юқори малакали мутахассислар тайёрлайдиган Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ва унинг Самарқанд, Фарғона, Қарши, Урганч, Нукус филиаллари фаолият кўрсатмоқда.
Университетнинг Самарқанд филиали қошидаги “Электрон ҳукумат” ўқув марказининг Жиззах политехника институтида ташкил этилган таянч ўқув курсида ҳар йили вилоятдаги корхона ва ташкилотларнинг 100 дан ортиқ ходими “Замонавий ахборот-коммуникация технологиялари”, “Интернетдан фойдаланиш” ва “Ахборот хавфсизлиги” йўналишларида малака оширмоқда.
Ахборот-технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ташаббуси билан ҳар йили университетнинг 3-босқич талабалари томонидан вилоятда аҳолини ахборот-коммуникация технологиялари ва интернетда ишлашга ўргатиш бўйича бепул ўқув курслари ташкил этилмоқда.
– Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида таълим олаётган бўлажак мутахассисларнинг аксарияти ўқув амалиёти давридаёқ ўзига муносиб иш ўрни топади, – дейди Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Жиззах вилояти ҳудудий бошқармаси бош мутахассиси Дилшод Болибеков. – Ёш мутахассислар ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани уларга ўз салоҳиятини кенг намоён этишига имконият яратмоқда. Бу вилоятда ахборот-коммуникация технологиялари ривожига хизмат қилаётир.
Вилоятда “Электрон ҳукумат” тизими кенг жорий этилган. Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликларининг расмий веб-сайтлари ишлаб турибди. 2017 йил биринчи чораги якунларига кўра, вилоят давлат ва хўжалик бошқаруви органларида ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича баҳолаш тизимида 79,11 фоиз кўрсаткич билан мамлакатда 4-, давлат органларининг очиқлик индексида 3-ўринни эгаллади.
Вилоят ҳокимлигининг янги кўринишдаги расмий веб-сайти www.jizzax.uz ишга туширилиб, аҳоли ва тадбиркорларга 16 базавий ҳамда 16 қўшимча интерактив хизматлар кўрсатилмоқда. Мазкур веб-сайт орқали 13 турдаги давлат хизматлари, 18 турдаги маълумот тариқасида хизматлар кўрсатилиши йўлга қўйилди. Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликларининг қарийб 300 ходими электрон рақамли имзо калити билан таъминланди. Вилоят ҳокимининг виртуал қабулхонаси яратилди.
Ўзбекистон Республикасининг Очиқ маълумотлар порталига Жиззах вилояти ҳокимлиги томонидан 165 турдаги маълумотлар тўплами жойлаштирилди. Вилоят очиқ маълумотлар порталига 15 йўналишдаги маълумотлар тўплами киритилди.
Ўтган йили 19-23 сентябрь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган “ICTWEEK Uzbekistan 2016” ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталигида “Очиқ давлат маълумотлари” номинацияси бўйича Жиззах вилояти ҳокимлиги 108 вазирлик ва идора ўртасида учинчи ўринни эгаллади. Ёш мутахассислар фаоллиги билан интернет тармоғида турли йўналишдаги замонавий, маҳаллий веб-ресурсларни яратиш изчил давом этаётир. Бугунги кунда UZ доменида вилоятдаги 100 га яқин корхона ва ташкилотнинг веб-сайти фаолият кўрсатмоқда.
Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетини битириб келган ёшлар вилоятда дастурий маҳсулотлар бозорини ривожлантиришга катта ҳисса қўшмоқда. Айни пайтда улар томонидан ташкил этилган дастурий маҳсулотлар 10 дан зиёд бизнес субъектида жорий қилинган.
Телекоммуникация инфратузилмасини янада ривожлантириш, аҳолига юқори сифатли интернет хизматлари кўрсатувчи кенг полосали қурилмаларни, оптик толали алоқа линияларини ишга туширишда фаолият кўрсатаётган малакали мутахассисларнинг асосий қисми ушбу университет битирувчиларидир.
Университетни 2008 йили тамомлаган Сардор Носиров “Ўзбектелеком Интернейшнл” қўшма корхонаси “ЎзИ-Жиззах” филиалида турли лавозимларда самарали фаолият кўрсатгач, “Жиззах” эркин иқтисодий зонасида ташкил этилган “Smart vision” қўшма корхонаси директори вазифасида ишламоқда. Ҳозир у раҳбарлик қилаётган корхонада замонавий видеотелефонлар ишлаб чиқарилаётир. 26 ёшли Адҳам Абдуллаев “Ўзбектелеком” акциядорлик компанияси Жиззах филиалининг тижорат ишлари бўйича директори, унинг тенгдоши Ўктам Савурбоев “Ўзбектелеком” акциядорлик компаниясининг “ЎзМобайл” филиали Жиззах вилояти ҳудудий боғламаси бош муҳандиси лавозимида ишламоқда.
Президентимизнинг юқорида номи келтирилган қарорида назарда тутилган барча тадбирлар мамлакатимизда иқтисодиётнинг инновацион тараққиётини таъминлаш, илм-фан ва кадрлар тайёрлаш аҳамиятини юксалтириш борасида қилинаётган тизимли ишларнинг мантиқий давоми бўлиб, Ҳаракатлар стратегиясининг муваффақиятли амалга оширилишига хизмат қилади.
Манба: ЎзА