Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Миллий спортимизнинг Франциядаги намойиши
2015-03-18 | Спорт
Францияда ХХХ Бутунжаҳон жанг санъатлари фестивалида ўзбек жанг санъати усталари муваффақиятли иштирок этди.
Шу муносабат билан Ўзбекистон шарқ яккакурашлари ва жанг санъатларини ривожлантириш марказида матбуот анжумани ўтказилди. Анжуманда мамлакатимизда миллий қадриятларимизни тиклаш ва ривожлантириш борасида амалга оширилаётган изчил ишлар самарасида ўзбек жанг санъати халқаро миқёсда тан олинаётгани таъкидланди. Ўзбек жанг санъати федерацияси ҳозирги кунда Жаҳон миллий жанг санъатлари уюшмаси, Жаҳон яккакураш спорт турлари ташкилоти, Халқаро жанг санъатлари ассоциацияси каби нуфузли ташкилотлар аъзосидир.
Фестивалда ўзбек жанг санъати усталари "Ватан", "Истиқлол", "Амир Темур", "Мустақил Ўзбекистон" сингари қатор комплекс машқларни намойиш этди. Спортчиларимизнинг кўргазмали чиқишлари хорижлик мутахассисларнинг юксак эътирофига сазовор бўлди.
– Ушбу нуфузли фестивалда иккинчи маротаба иштирок этдик, – дейди Ўзбек жанг санъати федерацияси раиси Пўлат Усмонов. – Жаҳонда миллий қадриятларимизни кенг намойиш этаётганимиз сабабли ўзбек жанг санъатига қизиқиш кун сайин ортиб бормоқда. Бу мамлакатимизда ёшларнинг мазкур спорт тури билан мунтазам шуғулланишлари учун яратиб берилаётган шарт-шароитлар, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик самарасидир.
Манба: ЎзА