Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Миграция жараёнлари ахборотлаштирилмоқда
2017-07-18 | Технологиялар
Айни пайтда бутун дунёда миграция жараёнлари ва қидирув фаолиятини назорат қилишда электрон ахборот тизимлари ва маълумотлар базасидан кенг фойдаланилмоқда. Мамлакатимизда ҳам шундай тизимлар фаол жорий этилаётир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 11 июлдаги миграция жараёнлари ва фуқароликни расмийлаштириш соҳасида ички ишлар органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорига мувофиқ янги электрон тизим ишлаб чиқилмоқда.
Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси тизимида электрон ахборот тизимлари бошқармаси ташкил этилади.
Давлат хизматлари, жумладан, биометрик ҳужжатлар бериш, хорижга чиқиш учун ҳужжатларни кўриб чиқиш ва расмийлаштириш, доимий ва вақтинча пропискага қўйиш, яшаш жойи бўйича ҳисобга олиш, шунингдек, Ўзбекистонга кириш ва чиқиш, фуқароликка қабул қилиш, фуқароликдан чиқиш ва фуқароликни йўқотиш соҳасида интеграциялаштирилган маълумотлар базасини шакллантириш ва юритиш бошқарманинг асосий вазифаларидандир.
Миграция жараёнлари ва фуқароликни расмийлаштириш масаласида идоралараро электрон ҳамкорлик, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятларни аниқлаш ва фош қилиш, қидирув ишларини олиб боришда кўмаклашиш ҳам бошқарма фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Бошқарма ходимлари зиммасига ахборот тизимлари узлуксиз ишлаши учун уларнинг хавфсизлигини таъминлаш вазифаси юклатилган.
Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўйича туман ва шаҳар бўлимлари фуқароларни паспорт тизими масаласи бўйича қабул қилишни электрон тартибга солиш учун зарур ускуна ва дастурий таъминот билан босқичма-босқич жиҳозланади.
Зеро, замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг жорий этилиши миграция жараёнлари ва фуқароликни расмийлаштириш соҳасида ички ишлар органлари фаолиятини тубдан такомиллаштиришнинг муҳим йўналишидир.
Манба: ЎзА