Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Мева-сабзавот экспорти кўпаяди

2017-07-18 | Иқтисодиёт

Қашқадарё вилояти мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштириш, уларни қайта ишлаш ва экспорт қилиш борасида катта имкониятларга эга. Шаҳрисабз шаҳрида ташкил этилаётган “Шаҳрисабз” логистика маркази мева-сабзавотни қайта ишлаш ва экспорт қилишга ихтисослашган.

Эски пиллачилик фабрикаси ўрнида иш бошлаётган логистика маркази мева-сабзавотни етиштириш, тайёрлаш, қабул қилиш, саралаш, қайта ишлаш, жаҳон талабларига мос лабораторияларда текшириш, қадоқлаш ҳамда ҳўл, музлатилган ва қуритилган ҳолда экспорт қилиш билан шуғулланади. 

Марказ тўла қувват билан ишга тушгач, йилига 25 минг тоннадан зиёд маҳсулот Европа ва МДҲ мамлакатларига, Хитой, Ҳиндистон, Жанубий Корея ва бошқа давлатларга экспорт қилинади. Минг киши иш билан таъминланади. Фермерлар, деҳқон ва шахсий томорқа хўжаликлари етиштирилган маҳсулотини сотиш ҳисобидан йилига ўртача 80 миллиард сўм атрофида даромад олиш имкониятига эга бўлади. 

Президентимизнинг жорий йил 24-25 февраль кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқлар асосида Шаҳрисабз шаҳридаги “Олчазор импекс” Ўзбекистон – Латвия қўшма корхонаси муассислигида ташкил этилаётган марказда 1 сентябрга қадар йиллик қуввати 5 минг 350 тонна сиғимли совутгич омборхона, 1000 тонна мева-сабзавотни қуритиш, 2 минг тонна дуккакли маҳсулотларни саралаш линияси ҳамда брокерлик идораси, логистика бўлими ва экспорт мактаби фаолияти йўлга қўйилади. 

– Мева-сабзавотни қайта ишлаш ва экспорт қилиш борасида вилоятимизда кенг имконият ва юқори салоҳият мавжуд, – дейди марказнинг ташкилий масалалар бўйича директори Дилшод Ёров. – “Шаҳрисабз” логистика маркази ушбу мақсадларга хизмат қилади. Айни пайтда мавжуд бино ва иншоотларни таъмирлаш, ишлаб чиқариш объектларига мослаштириш, янгиларини қуриш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. 

2018 йил 1 январига қадар 88 гектар майдонда томчилатиб суғориш тизими асосида интенсив боғ, замонавий ускуналар билан жиҳозланган иссиқхона, йилига 6 минг тонна маҳсулотни тез музлатувчи, 2 минг тонна майиз, қуритилган олхўри ва ўрикни қайта ишловчи линиялар ҳамда замонавий лабораторияни ишга тушириш мўлжалланмоқда.

 

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться