Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ахборот технологиялари имкониятлари намойиши

2015-03-18 | Технологиялар

Пойтахтимизда Тошкент ахборот технологиялари университети талабалари, магистрантлари, профессор ва ўқитувчиларининг дастурий ҳамда техник ишланмалари кўргазмаси бўлиб ўтди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, «Ўзбектелеком» акциядорлик компанияси, «Ўзбекистон почтаси» очиқ акциядорлик жамияти, шунингдек, «Uzinfocom» ва «Unicon» марказлари кўмагида ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Х.Мирзоҳидов, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси раиси И.Абдуллаев ва бошқалар бутун данёда илм-фан, техника ва ахборот технологиялари жадал ривожланиб бораётган бугунги кунда Ўзбекистонда иқтисодиётнинг юксалишига хизмат қиладиган юқори технологиялар тармоғини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Бунинг самарасида мамлакатимиз дастурий маҳсулот ишлаб чиқувчиларини қўллаб-қувватлаш, миллий ахборот ресурсларини кўпайтириш, юқори малакали мутахассислар тайёрлашга қаратилган изчил чора-тадбирлар амалга оширилаётир.

Дастурий ва техник ишланмалар кўргазмаси бунинг яққол тасдиғидир. Унинг экспозициясидан тўқсондан зиёд дастурий ва техник ишланма ўрин олган. Мобиль қурилмалар учун дастурий воситалар, веб-сайт ва иловалар, компьютер ўйинлари, электротехник ишланмалар шулар жумласидандир.

Университетнинг телекоммуникация технологиялари факультети стенди кўргазмага келганларда катта қизиқиш уйғотди. Бу ерда масофадан туриб бошқариладиган «ТАТУ робот», чорраҳаларда тирбандликни автоматик равишда бошқарадиган «Ақлли светофор» тизими каби техник янгиликлар, шунингдек, турли ўйин ва дастурлар намойиш этилди.

– Кўргазмада ўзимнинг «Ақлли чироқ» ишланмамни намойиш этганимдан хурсандман, – дейди университетнинг тўртинчи курс талабаси Шохруҳ Бегматов. – Мамлакатимизда ёш дастурчиларнинг қўллаб-қувватланаётгани натижасида тадқиқотлар ўтказиш, тажриба алмашиш ва ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантиришга ҳисса қўшиш имкониятига эгамиз.

Дастурий инжиниринг факультети стенди ҳам иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Айниқса, дизайни миллий услубда яратилган «ЎзЧат» мобиль илова ёшлар эътиборини ўзига тортди.

– Инглиз тилини интерфаол ўрганишга ёрдам берадиган ушбу мобиль илова «Learn words by heart» деб аталади, – дейди тўртинчи курс талабаси Шохруҳ Шарипов. – Унинг хусусияти шундаки, инглиз тилида акс эттирилган сўзларни экранда кейинги вазифа тасвирланиши учун тўғри талаффуз қилиш керак. Бу иловани «GooglePlay» онлайн дўконида жойлаштиришни режалаштирмоқдаман.

Тошкент ахборот технологиялари университетининг талаба ва магистрлари томонидан тақдим этилган кўплаб ишланмалар амалда қўлланадиган бўлди. Масалан, кўргазмада университет талабалари томонидан корхона ва муассасалар учун яратилган ўттиздан зиёд веб-сайтлар намойиш этилди.

– Бу галги кўргазма ўзига хос бўлди, – дейди университет проректори Ли Чул Су. – Ўзбекистон ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги илк кўргазма экспозициясини мазкур олий ўқув юрти талаба-ўқитувчиларининг ишланмалари ташкил этди. Бу мамлакатингизда ахборот технологиялари соҳаси катта салоҳиятга эга эканидан далолат беради.

Кўргазма доирасида иштирокчилар «Энг яхши мобиль илова», «Энг яхши веб-илова», «Энг яхши Windows-илова», «Энг яхши техник ишланма» номинацияларида махсус сертификат ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Манба: ЎзА

Поделиться