Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
М-39 халқаро автомобиль йўлининг Қозоғистондан ўтган қисми очилди
2017-07-13 | Жамият
2017 йил 11 июль куни Ўзбекистон-Қозоғистон Давлат чегарасида жойлашган “Оқ олтин-Целинный” ва “Малик-Сирдарё” автомобиль ўтказиш пунктларининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Маълумки, жорий йилнинг март ойида Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Қозоғистон Республикаси Ҳукумати ўртасида Ўзбекистон-Қозоғистон давлат чегарасидан ўтказиш пунктлари тўғрисидаги 2006 йил 4 сентябрда имзоланган Битимга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича Баённома имзоланган эди.
Қисқа фурсат ичида ушбу Баённомани амалиётга киритилиши юзасидан ички давлат келишувлари амалга оширилди ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Халқаро шартномани тасдиқлаш тўғрисида» 2017 йил 2 майда ПҚ-2945 сон қарори қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон-Қозоғистон Давлат чегарасида «Оқ олтин» ва «Малик» автомобиль ўтказиш пунктларини очиш тўғрисида” 2017 йил 26 апрелдаги ПҚ-2931 сон қарорига асосан мазкур ўтказиш пунктлари орқали фақат енгил автотранспорт воситалари ҳаракатланади ва бу пунктлар орқали юк ва товарларни тижорат мақсадида олиб ўтилишини амалга оширишга йўл қўйилмайди.
Ўз навбатида божхона органлари томонидан «Оқ олтин» ва «Малик» чегара ўтказиш пунктларининг самарали ва қонуний фаолият кўрсатишини таъминлаш мақсадида, барча зарур чоралар кўрилди.
Хусусан, божхона назоратини таъминлаш ҳамда ходимларнинг хизмат олиб боришлари ва дам олишлари учун тегишли шарт-шароитлар яратилиб, божхона постлари божхона назоратининг энг сўнгги техник воситалари билан жиҳозланди.
Автомобиль ўтказиш пунктларида божхона назорати соддалаштирилган тартибда, йўловчи божхона декларацияси тўлдирилмасдан, рўйхатга қўймасдан ва транспорт воситаларини божхона кўригидан ўтказмасдан, фақатгина ҳаракатланаётган транспорт воситаларини мажбурий равишда визуал кўздан кечириш орқали амалга оширилади.
Ушбу йўлнинг очилиши ўзаро биродар ўзбек ва қозоқ халқларини янада бир-бирига боғловчи, мамлакатларимиз ўртасида дўстлик ва ҳамкорликни кучайтиришга хизмат қилувчи ришта бўлиб хизмат қилади.
Очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари У. Розуқулов, Сирдарё вилояти ҳокими Ғ.Мирзаев, давлат божхона қўмитаси Раиси ўринбосари М.Салиев ва бошқалар иштирок этди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси