Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Фумихико Като: «Ўзбекистон ва Япония ҳамкорлиги истиқболи порлоқ»

2015-03-18 | Жамият

Наврўз байрами арафасида ЎзА мухбири Япониянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Фумихико Като билан суҳбатлашди.

– Жаноб элчи, мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари ҳақида сўзлаб берсангиз.

– Ўзбекистон мустақилликка эришгач, мамлакатларимиз ўртасида яқин ва дўстона муносабатлар йўлга қўйилди. 2002 йил Дўстлик, стратегик шериклик ва ҳамкорлик тўғрисида қўшма декларация имзолангандан сўнг муносабатларимиз янада мустаҳкамланди. Биз икки томонлама ҳамкорликни бундан буён ҳам изчил ривожлантириш ниятидамиз.

Япония ҳукумати томонидан ишлаб чиқилган Тараққиёт расмий дастури иқтисодий муносабатларда алоҳида ўрин тутади. Мазкур дастур доирасида Ўзбекистонга қиймати 140 миллиард иендан зиёд кредитлар тақдим этилди, 22 миллиард иендан ортиқ беғараз ёрдам кўрсатилди, умумий қиймати 13 миллиард иендан ошиқ техник ҳамкорлик лойиҳалари амалга оширилди.

Ўтган йили Ўзбекистонда иен кредитлари линияси тарихида салмоқли лойиҳа – электр энергетикаси соҳасида Фарғона водийсида йирик иссиқлик электр станцияси қурилишини ўз ичига олган «JUPITER» лойиҳасини амалга оширишга қаратилган ҳукуматлараро битимлар имзоланди. Бундан ташқари, кичик ижтимоий лойиҳаларга беғараз ёрдам кўрсатиш доирасида Ўзбекистоннинг турли таълим ва тиббиёт муассасаларига жиҳозлар тақдим этилди.

Томонларнинг савдо ва инвестиция соҳасидаги салоҳияти нуқтаи назаридан қаралганда, Ўзбекистон билан Япония ҳамкорлиги порлоқ истиқболга эга. Икки давлат ўртасида бизнесни юритиш шартларини муҳокама этиш бўйича ишчи гуруҳи кўмагида Ўзбекистон бозорида Япония компаниялари иштирокини янада кенгайтиришни қўллаб-қувватлаймиз.

Маданият ва таълим соҳасидаги ҳамкорлигимиз ҳам изчил ривожланиб бормоқда. Тошкентда Япония маданиятига бағишланган тадбирлар мунтазам ўтказиб келинмоқда. Ўзбекистон ўқув муассасаларида япон тилини ўргатиш ва Японияда ўзбекистонлик талаба ҳамда стажёрларни ўқишга қабул қилишда ёрдам кўрсатилаётир.

– Ўзбекистонда туризм соҳаси жадал ривожланиб бормоқда. Хусусан, Ўзбекистон ва Япония ўртасида сайёҳлар алмашинуви йил сайин кенгаймоқда. Шу ҳақда ҳам тўхталиб ўтсангиз.

– 2014 йил Япониянинг етакчи газеталари саҳифалари ва телевизион кўрсатувлари орқали Ўзбекистоннинг гўзал табиати, тарихий ва маданий ёдгорликлари, диққатга сазовор жойлари кенг ёритилди. Бу японияликларнинг мамлакатингизга, халқингизнинг бой меросига бўлган қизиқишини янада оширди. Мамлакатимизнинг етакчи сайёҳлик компаниялари ва меҳмонхона бизнеси вакиллари Ўзбекистонда ўз фаолиятини йўлга қўймоқда. Бу ҳам Япониядан серқуёш юртингизга сайёҳлар оқимининг кўпайишига ёрдам бермоқда. Бундан ташқари, Японияга бораётган ўзбекистонлик сайёҳлар сафи кенгаймоқда. Ўзбекистонда туризмнинг жадал ривожланиб бораётгани мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонамиз.

– Наврўз байрами ҳақидаги таассуротларингизни сўзлаб берсангиз...

– Ушбу баҳор айёмида илк бор ўтган йили қатнашиб, бир олам таассуротга эга бўлдим. Ўзбекистоннинг бетакрор миллий таомлари – сумалак ва кўк сомсадан татиб кўриб, маза қилдим.

Японияда Наврўз кунлари баҳорги тенг кунлик – Сюмбун-но хи байрами нишонланади. Сюмбун-но хи ҳам Наврўз каби баҳор келишидан дарак беради.

Баҳор нафаси кезиб юрган шу кунларда Ўзбекистон халқини Япония халқи номидан Наврўз айёми билан табриклаш мен учун катта шараф. Табиат уйғониб, боғ ва далалар кўм-кўк либосга бурканган йилнинг ажойиб кунларини серқуёш Ўзбекистонда ўтказаётганимдан бағоят хурсандман. Мана шу байрам кунлари мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги дўстона муносабатлар мустаҳкамланиб, янада кенгайишини тилайман.

Манба: ЎзА

Поделиться