Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Сергелида метро қурилиши жадал давом этмоқда
2017-07-11 | Сиёсат
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Сергели туманида амалга оширилаётган метро қурилиши билан танишди.
Метро жамоат транспорти турлари орасида ўзининг қулай, хавфсиз ва тезкорлиги билан ажралиб туради. 1977 йилда Тошкентда барпо этилган илк метро линиясининг узунлиги 12,2 километр бўлиб, тўққизта бекатдан иборат эди. Ўзбекистон ва Юнусобод йўналишлари билан Тошкент метрополитени ривожланди ва узунлиги 39 километрга, бекатлари сони 29 тага етди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, Сергели туманида метро йўлини қуриш ўта мураккаб жараён. Шу боис мазкур йўналишдаги метро ер усти бўйлаб, эстакадалар орқали ташкил этилади. Чилонзор йўналишининг Олмазор бекатидан бошланадиган Сергели йўналишида олтита бекат бунёд этилади.
2017-2020 йилларга мўлжалланган мазкур қурилишга 170,1 миллион доллар сарфланади. Узунлиги 7,1 километрни ташкил этувчи мазкур иншоот тўлиқ ишга туширилгач, йилига 14 миллиондан ортиқ йўловчига хизмат кўрсатиши мўлжалланмоқда. Ўзига хос муҳандислик ечимлари асосида бунёд этилаётган транспорт йўли Чоштепа маҳалласидан ўтиб, Сергели туманининг Йўлдош мавзесидаги Мағриб кўчасигача боради.
Қурилишда фойдаланилаётган техника турларига алоҳида эътибор бериш кераклиги таъкидланди. Бундан ташқари геология масалалари ҳам диққат марказида бўлиши керак.
Давлатимиз раҳбари янги қурилаётган ер усти метроси ёнидан ўтадиган кўча атрофида икки ва уч қатор дарахт ва гуллар экилиши лозимлигини таъкидлади.
Шавкат Мирзиёевга Тошкент метрополитенининг Юнусобод йўналишида олиб борилаётган қурилиш ишлари ҳақида ҳам маълумот берилди. Бугун 2017-2019 йилларга қуриб битказилиши кўзда тутилган мазкур йўналишнинг Туркистон бекатида пойдевор қуйиш ишлари олиб борилмоқда.
Янги қурилаётган метро бекатларининг дизайни, деворларига ишлатиладиган қурилиш материаллари, тасвирлардан намуналар намойиш этилди.
Президентимиз бекатлар шинам ва ёруғ бўлиши лозимлигини алоҳида таъкидлади. Ёш дизайнерлар ўртасида танлов ўтказиш керак, деди.
Манба: ЎзА