Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари–Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири З.Мирзаев Хитой Халқ Республикасининг Сифат назорати, инспекция ва карантин бўйича бош маъмурияти вазири Чжи Шупин бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди
2017-07-10 | Жамият
Жорий йилнинг 5 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари–Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири З.Мирзаев Хитой Халқ Республикасининг Сифат назорати, инспекция ва карантин бўйича бош маъмурияти вазири Чжи Шупин бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди.
Учрашувда томонлар Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ўзаро манфаатли алоқалар мустаҳкам анъанавий дўстлик, ўзаро ишонч ва ҳурмат руҳида мунтазам ривожланиб бораётганлигини таъкидладилар. Бу борада мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларнинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси бўлган Дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома ўзаро алоқаларимизнинг пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда. Жумладан, хитойлик ҳамкорлар билан қишлоқ ва сув хўжалигининг турли соҳаларида қатор истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Серқуёш заминимизда етиштирилган, бетакрор таъмга эга экологик тоза мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилишда Хитой истиқболли бозорлардан биридир. Шу маънода қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини айирбошлашни ривожлантириш иккала томон учун ҳам манфаатли бўлиб, бу давлатларимиз иқтисодиётининг янада юксалишига хизмат қилади.
Таъкидландики, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Хитойга жами қиймати 14,4 млн. долларлик 7,6 минг тоннадан ортиқ мева-сабзавот, жумладан, қизилмия илдизи, қуритилган узум, қовун, ўрик маҳсулотлари экспорт қилинган.
Учрашувда мамлакатларимиз ўртасида қишлоқ ва сув xўжaлиги соҳаларидаги алоқаларни янада ривожлантириш, шу жумладан Хитой бозорига экспорт қилинаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари номенклатурасини ва ҳажмини кенгайтириш истиқболлари атрофлича муҳокама этилди.
Учрашув сўнгида Хитой Халқ Республикасининг Сифат назорати, инспекция ва карантин бўйича бош маъмурияти билан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ўртасида Хитойга гилосни экспорт қилишда унинг фитосанитар ҳолатини бажариш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитаси ўртасида Хитойга уй ҳайвонлари учун озуқани экспорт қилишда унинг карантин ҳолатини бажариш бўйича баённомалар имзоланди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги