Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Президентимиз Наманган вилоятида ковулчиликни ривожлантириш бўйича ассоциация ташкил этишни таклиф қилди

2017-07-08 | Сиёсат

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Чуст туманида қурилаётган Ўсимликларни ҳимоя қилувчи кимёвий воситалар ишлаб чиқарувчи завод имкониятлари билан танишди.

“Ифода агро кимё ҳимоя” масъулияти чекланган жамияти ўз маблағи ва “Ҳамкорбанк” кредитлари ёрдамида бунёд этаётган ушбу заводда қишлоқ хўжалиги экинларини турли касалликлардан ҳимоя қилувчи 28 турдаги кимёвий препаратлар ишлаб чиқарилиши кўзда тутилган. Корхонанинг лойиҳа қиймати 6,5 миллион долларни ташкил этади. 

Ушбу завод ишга тушганидан кейин хориждан келтирилаётган кимёвий препаратлар билан мамлакатимизни тўлиқ таъминлаш, ҳатто хорижга экспорт қилиш имконияти пайдо бўлади. 

Президентимиз препаратларни тайёрлашда илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, маҳсулотлар сифатини яхшилаш, экспортни кенгайтириш зарурлигини таъкидлади. 

Шу ерда Наманган вилояти ҳудудидаги паст рентабелли адирларда ёнғоқзор, пистазорлар бунёд этиш, пахта ва ғалла майдонларини камайтириш ҳисобига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш, ковул экишни ташкил қилиш, паррандачилик ва эчкичиликни ривожлантириш лойиҳалари тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. 

Давлатимиз раҳбари кам ҳосил берадиган, зарар кўриб ишлаётган туманларда пахта ва ғалла майдонларини кескин камайтириш, унинг ўрнига юқори даромад берадиган мева-сабзавот, полиз экинларини экиш лозимлигини таъкидлади. Токи одамларимиз меҳнатининг роҳатини кўрсин, ҳаётидан рози бўлсин. 

Мамлакатимизнинг айрим ҳудудларида, жумладан, Наманган вилоятида ўсадиган ковул барги, меваси ва томир пўсти табобатда қўлланилади. Турли шишларни даволаш, нафас қисиши, талоқ қотиши, қуртларни ҳайдаш, полиартрит, бўқоқ каби касалликларни даволашда ишлатилади. Бу йил вилоятнинг 3 минг гектардан зиёд майдонида ушбу ўсимликни экиш режалаштирилган. Кам харажат ва оз меҳнат талаб қиладиган бу ўсимликдан йилига тўрт марта ҳосил олиш мумкин. 

Президентимиз ковул етиштириш бўйича илмий асосларни ишлаб чиқиш, экспорт қилиш механизмини яратиш, вилоятда ковулчиликни ривожлантириш бўйича ассоциация ташкил этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.

 

Зиёдулла Жонибеков, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться