Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Судлар «адолат қўрғони»га айланиши лозим

2017-07-07 | Жамият

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ мамлакатимиз суд-ҳуқуқ соҳасида туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Асосий мақсад – фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини ошириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришдан иборат.

Президентимиз раҳбарлигида шу йил 13 июнь куни суд органлари тизимида одил судловни таъминлаш борасидаги ишларнинг аҳволи, муаммолар ва истиқболдаги вазифаларга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида соҳада ўз ечимини топмаган камчилик ва муаммолар атрофлича таҳлил қилиниб, муҳим амалий хулосалар чиқарилди. 

Бу жиҳатлар 6 июль куни пойтахтимиздаги «Туркистон» саройида мамлакатимиз судьяларининг Ўзбекистон халқига мурожаатини қабул қилишга бағишлаб ўтказилган йиғилишда ҳам ўз ифодасини топди. Тадбирда Судьялар олий кенгаши аъзолари, Олий суд судьялари, ҳудудлардаги судлар раислари, судьялари ва ходимлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раисининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимларининг ўринбосарлари – хотин-қизлар қўмитаси раислари, “Нуроний” жамғармаси, “Маҳалла” фонди ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг республика бошқаруви ва ҳудудий раҳбарлари, пойтахтимиз ва Тошкент вилоятидаги маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, Тошкент давлат юридик университети талабалари иштирок этди. 

Йиғилишда Ўзбекистон суд тизими фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш жамоатчилик маркази раиси У.Мингбоев, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси К.Комилов, Судьялар олий кенгаши раиси М.Усмонов ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида одил судлов соҳасидаги замонавий талаблар ва халқаро стандартларни ҳисобга олган ҳолда мамлакатимиз суд тизимини такомиллаштириш ва мақбуллаштириш борасида тарихий ўзгаришлар амалга оширилаётганидан кўзланган мақсад – жамиятимизда адолат, ҳақиқат ва қонун устуворлигини тўла таъминлаш, халқимизни ҳаётдан рози қилишга эришиш эканини таъкидлади. 

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мазкур соҳадаги давлат сиёсатини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарди. Мазкур фармонга мувофиқ фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иш юритуви соҳасида суд ҳокимиятининг ягона олий органи – Ўзбекистон Республикаси Олий суди ташкил этилди. Судларнинг жиноят ишларини қўшимча терговга қайтаришдек одил судловнинг мазмун-моҳиятига мутлақо тўғри келмайдиган амалиётига чек қўйилди. 

Судьяликка номзодларни танлаш ва лавозимга тайинлаш тартиби тубдан такомиллаштирилиб, судьялар ҳамжамиятининг янги органи – Судьялар олий кенгаши таъсис этилди. Судлар тизимининг амалдаги тузилмаси ва штат бирлиги қайта кўриб чиқилиб, судьяларнинг хизмат вазифаларини оқилона тақсимлаш имконини берадиган даражада, ҳозирги замон талабларини инобатга олган ҳолда такомиллаштирилди ва мақбуллаштирилди. 

Кейинги пайтда Президентимизнинг Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонасига бўлаётган мурожаатларнинг сезиларли қисми айнан суд идоралари ва судьялар фаолияти билан боғлиқ экани бу йўналишда кўплаб муаммолар мавжудлигидан далолат беради. Бу борада Олий судга кунига ўртача 250 дан ортиқ мурожаат келиб тушмоқда. Тадбирда ушбу мурожаатларни ҳал этишда вилоят, туман судлари сусткашликка йўл қўяётгани, айрим туман судлари мурожаатларни ҳатто очиб кўрмаётгани қаттиқ танқид қилинди. Вилоят судлари раислари ҳафтада камида уч кун туманларга, жойларга чиқиб, судларнинг иш юритувини ўрганиши шарт экани, бундай ўрганишлар ҳар бир судларда ўтказилиши таъкидланди. 

– Ҳозирги шиддатли давр талаби ва мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоясини таъминлаш учун кўпроқ халқ билан юзма-юз ва очиқ мулоқот қилишимизни тақозо этмоқда, – дейди жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг раиси Бахтиёр Исломов. – Президентимиз билан бўлиб ўтган учрашувдан сўнг бир мунча ишлар қилинганига қарамай, ҳали тўлақонли одил судловга эришганмиз, деб айтолмаймиз, буни фуқароларимиз ҳам ҳис қилиб турибди. Бугунги йиғилишда фаолиятимизни яна бир бор танқидий таҳлил қилганимиз суднинг том маънода “Адолат қўрғони”га айланиши йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди. Судда ишларни судьялик бурчимиз буюрганидек беғараз, холис ва адолатли ҳолда кўрамиз, энг асосийси – қабул қилган ҳар бир қароримиз қонуний, асосли, одиллик ва инсонпарварлик тамойилларига таянган бўлиши учун барча масъулиятни ўз зиммамизга оламиз. 

Тадбирда Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йил 13 июнда ўтказган видеоселектор йиғилишида мамлакатимиз суд тизимидаги мавжуд нуқсонлар ва уларнинг ечимини муҳокама қилиб, бу борада аниқ вазифаларни белгилаб бергани суд тизимида ишлаётган ҳар бир раҳбар ва ходимдан соҳа ривожига танқидий ёндашишни тақозо этиши, адолат ва қонун устуворлиги судьялар ишида бирон бир нарса билан ўлчаб бўлмайдиган энг муҳим мезон экани таъкидланди. Мазкур устувор вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ҳар бир ҳудудда ўтказилган судлар фаолиятининг танқидий муҳокамаси, бу борадаги хулосалар, суд тизимида мавжуд бўлган нуқсонларни тўлиқ бартараф этиш юзасидан белгиланган аниқ режа ва дастурлар ҳамда уларни амалга ошириш механизмлари ҳақида Олий суд ва Судьялар олий кенгаши раисларининг ахбороти, вилоят судлари раисларининг ҳисоботлари эшитилди. Соҳадаги мавжуд аҳвол, муаммолар сабаблари ва уларнинг ечими танқидий таҳлил қилинди. 

Бу борада Олий суд раёсатининг шу йил 24 июндаги қарори билан тасдиқланган комплекс чора-тадбирлар режаси амалиётга жорий этилмоқда. Мазкур қарор билан суд тизимида зудлик билан амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар бўйича «йўл харитаси» тасдиқланди. Унинг ижросига масъул бўлган Олий суд ишчи гуруҳлари тузилди. Мазкур дастурларнинг ижроси қатъий назоратга олинди. 

Судларда узоқ муддатлардан буён якуний ечимини топмай келаётган ишлар рўйхати тузилди, уларни ҳал қилиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди. Судларда ишларнинг камида 30 фоизини сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилишини таъминлаш мақсадида Олий суд раёсатининг “Сайёр суд мажлисларини ўтказиш бўйича услубий тавсияларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди, услубий тавсиялар ва сайёр суд мажлислари ўтказилиши мақсадга мувофиқ бўлган ишлар рўйхати тасдиқланиб, барча судларга юборилди. 

Олий суд ва вилоят судлари томонидан қуйи судлар иш юритувидаги мураккаб тоифадаги жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ишларни олиб биринчи инстанцияда кўриб чиқиш амалиёти жорий этилди. Иқтисодий судлар самарали қўллаб келаётган ишларни видеоконференцалоқа тизими орқали кўриб чиқиш амалиёти фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича судлар ҳамда маъмурий судларга ҳам татбиқ этилмоқда. 

Соҳадаги энг долзарб масала – фуқароларнинг судма-суд сарсон-саргардон юришининг олдини олиш, бу борадаги муаммоларни бартараф этишдан иборат. 2016 йилда Олий судда кўриб чиқилган 446 фуқаролик ишининг 390 таси (87 фоизи) яна қайта кўриб чиқиш учун қуйи босқичларга юборилган. Атиги 13 фоизи бўйича Олий судда якуний қарор қабул қилинган. Жорий йил июнь ойининг ўзида Олий судда 24 фуқаролик ишига якуний нуқта қўйилди, жиноят ишлари бўйича киритилган протестларни кўриш натижасида, ҳаракатларида жиноят таркиби бўлмагани учун 7 шахс оқланди, 4 нафари жазодан озод этилди, 2 нафарига нисбатан жиноят иши тугатилди, 17 шахсга нисбатан тайинланган жазо муддатлари камайтирилди. 

Йиғилишда бу борада авваламбор янги таркибдаги Олий суд қатъият кўрсатиши лозимлиги таъкидланди. Қонуний ва адолатли қарор ҳеч қачон бекор бўлмаслиги қайд этилди. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, бугунги кунда халқимиз кутаётган адолатли қарорлар қабул қилишга ҳар томонлама қодир, иродаси мустаҳкам, юксак касб ва маънавий фазилатларга эга бўлган суд ходимлари таркибини шакллантириш энг муҳим вазифа бўлиб қолмоқда. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев суд органлари ходимлари билан бўлган учрашувда ҳаётимизда қонун ва адолат устуворлигини таъминлаш, одил судловни рўёбга чиқаришда тўсиқ бўлаётган муаммоларни, соҳада йўл қўйилган хато ва камчиликларни бартараф этиш бўйича белгилаб берган аниқ топшириқ ва вазифаларни мамлакатимизнинг судьялар ҳамжамияти атрофлича муҳокама қилди. Ўрганиш натижасида Ўзбекистон судьялари номидан бутун халқимизга мурожаат қилишга қарор қилинди. 

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси К.Комилов мамлакатимиз судьяларининг Ўзбекистон халқига мурожаатини ўқиб эшиттирди. 

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси судьяларининг Ўзбекистон халқига мурожаати ҳар бир судья иш фаолияти мобайнида оғишмасдан амал қиладиган қатъий мезон бўлиб қолиши таъкидланди. Ушбу Мурожаатнома юртимиздаги ҳар бир суд биносига киришда, кўзга яққол кўринадиган жойда ўрнатилади. Шу ернинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати томонидан муҳрланган қутилар ўрнатилади. 

Суд биносига кираётган ҳар бир юртдошимиз Мурожаатнома билан яқиндан танишиб, адолатли суд қандай бўлиши кераклиги ҳақида аниқ тушунча ва тасаввурга эга бўлади. Бинодан чиқаётганда ҳар бир фуқаро судьяларнинг фаолиятига, уларнинг Мурожаатномада зиммасига олган мажбурият ва масъулиятни қандай бажараётганига муносабат билдириш ва ўз муносабатини ёзма равишда қутиларда қолдириши учун имконият яратилади. 

Қутилар ҳар ойда бир марта Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати ва Судьялар олий кенгаши вакиллари иштирокида очилади ҳамда фуқароларнинг фикр-мулоҳазалари ҳар томонлама ўрганилади. Жойларда ҳар бир судьянинг ишига ана шу таҳлил асосида баҳо берилади. 

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси О.Муродов иштирок этди.

 

Умид Ёқубов, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться