Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Сайёр қабулларда муаммоларга ечим топилмоқда

2017-07-05 | Жамият

Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати масъул ходимлари, бир қатор вазирлик, қўмита, банк муассасалари ва бошқа идоралар раҳбарларидан иборат гуруҳ Наманган вилоятида сайёр қабул ўтказди.

Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарадорлигини оширишда давлат бошқаруви идораларининг халқ ичига кириб бориши, барча даражадаги мутасаддиларнинг аҳоли дардини эшитиши, қувончу ташвишини теран ҳис қилган ҳолда улар билан ҳамнафас бўлишига бош омил сифатида алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижроси ҳам халқ билан бамаслаҳат иш кўриш тамойилига асосланган. Бу айни кунларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, республика ва маҳаллий давлат бошқаруви идоралари, жамоат ташкилотлари вакиллари томонидан жойларда ўтказилаётган мулоқотлар, сайёр қабулларда ўз ифодасини топмоқда. Хусусан, сайёр қабуллар фуқароларни қийнаётган иқтисодий, ижтимоий муаммоларга барҳам берилишида самарали восита бўлиб хизмат қилаётир. 

Чуст, Янгиқўрғон, Учқўрғон, Поп, Косонсой туманлари ва Наманган шаҳрида ташкил этилган навбатдаги сайёр қабулда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал ҳамда жойлардаги Халқ қабулхоналарига мурожаат қилган фуқаролар мурожаатлари ўрганилди ва ечими бўйича чоралар кўрилди. 

Мурожаатларнинг аксарияти уй-жой, моддий ёрдам, бандлик, ишга қайта тиклаш, кредит олишга кўмаклашиш, ичимлик суви етказишдаги муаммоларга оид бўлди. 

Чуст туманида яшовчи М.Мамажонова тадбиркорлик қилиш учун ер олишга амалий ёрдам сўраган бўлса, Поп туманидан О.Эрматова фарзандига алимент ундириш бўйича кўмак сўраб мурожаат қилди. Косонсойлик З.Тўхтабоев Жанубий Корея университетларидан бирига ўқишга киргани ва бунинг учун АҚШ долларини давлат курсида сотиб олишга амалий ёрдам берилишини сўради. Поплик И.Раҳмонов Хўжаобод қишлоғида спорт соҳасига эътибор етарли даражада эмаслиги, шунинг учун у ерда стадион қуриш лозимлигини айтиб, шу масалада қишлоқ ёшлари номидан ёрдам сўради. Чустлик Д.Хўжаева ва Н.Аҳмадалиева жорий йил мавсумда пилла боқиб, ҳозиргача меҳнат ҳақини ололмагани юзасидан мурожаат қилди. Мазкур масалаларни ўрганиш ва ҳал этиш бўйича тегишли мутасаддиларга топшириқлар берилди, ижро учун аниқ муддатлар белгиланди. 

– Боғдорчилик қилиш мақсадида ер ажратиб беришларини сўраб мурожаат қилган эдим, ижобий ҳал бўлди, – дейди чустлик Фахриддин Мамадалиев. – Туман ҳокимининг қарори билан Баймоқ ҳудудидан 5 гектар ер ажратиладиган бўлди. Оила аъзоларим билан шу ерда боғ барпо қилишни режалаштирганмиз. Бу бир неча иш ўрни яратиш имконини беради. 

Наманган шаҳридаги қабулда Наманган шаҳри, Наманган ва Мингбулоқ туманларидан фуқаролар мурожаати тингланди. Қабулда, хусусан, вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан меҳнатга лаёқати, жисмоний имконияти чекланган, кам таъминланган ва уй-жойга муҳтож хотин-қизларнинг мурожаатлари бўйича муаммоларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилди. 

Ногирон хотин-қизлар, ногирон бола тарбиялаётган ёлғиз оналарга намунавий лойиҳа асосида қурилаётган арзон уй-жойлардан сотиб олишга кўмаклашиш мақсадида дастлабки тўлов бадали учун пластик карточка очиб, 10 миллион сўмдан маблағ тушириб бериладиган бўлди. 

Қабулда вилоят бўйича уй-жойга муҳтож, жисмоний имконияти чекланган 27 хотин-қизга кредит асосида уй-жойли бўлиш учун 270 миллион сўм маблағ Президентимиз номидан бериладиган бўлди. Бу давлатимиз томонидан имконияти чекланган фуқароларнинг барча қатори фаровон, эмин-эркин ҳаёт кечириши учун қулай шароит яратиш йўлида кўрсатилаётган ғамхўрликнинг яна бир амалий ифодаси бўлди. 

– Марғуба Қўлдошевалар оиласига арзон уй-жойлардан олиш учун 10 миллион сўм миқдорида дастлабки тўлов бадали тўлаб бериладиган бўлди, – дейди Мингбулоқ тумани хотин-қизлар қўмитаси раиси И.Қўчқорова. – Эр ҳам, хотин ҳам ногирон, бир ҳовлида 21 жон истиқомат қилиб келмоқда. Мана энди давлатимиз ғамхўрлиги туфайли улар ўз уйига эга бўлади. Улар гарчи гапира олмаса-да, қувончлари, миннатдорликлари юз-кўзида акс этиб турибди. Биз маҳалла, жамоатчилик билан уларни лаёқатига мос уй меҳнати билан банд қилиш, жамиятда муносиб ўринга эга бўлиши чораларини кўрамиз. 

– Болаларимиз анча узоқдаги мактабга қатнар эди, – дейди Наманган шаҳридаги Гулбоғ маҳалласида истиқомат қилувчи Ж.Котибов. – Шу атрофдаги маҳаллалар учун қулайроқ бўлган ҳудудда янги мактаб қурилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди, деган мазмунда мурожаат қилган эдим. Ҳозиргина мурожаатим кўриб чиқилди ва қондириладиган бўлди. Янги мактаб қурилиши 2018 йил дастурига киритиладиган бўлди. Бу албатта, фарзандларимизнинг янада пухта билим олишига хизмат қилади. Муаммо бир пасда ҳал бўлганидан ота-оналар жуда хурсанд. 

– Бугунги сайёр қабулда кўплаб мурожаатларни ўрганиб чиқдик, – дейди Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг ахборот таъминоти ва мол-мулкни қидириш бўлими бош инспектори Б.Деҳқонов. – Уларнинг аксарияти алимент тўлови, қарздорлик бўйича суд қарорларининг ижроси таъминланмаётгани юзасидан бўлиб, тегишли тартибда ҳал қилиш чоралари кўрилди. Жумладан, фуқаро О.Эрматованинг мурожаатига кўра, собиқ эри томонидан бир неча йиллардан бери тўланмай келаётган катта миқдордаги алимент пулини ундириш чораси кўрилди. 

Тадбирда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтириш, айниқса, аҳолининг кам таъминланган, жисмоний-ақлий имконияти чекланган қатламини ижтимоий ҳимоя қилиш, талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб муносиб шароит яратишга қаратилаётган алоҳида эътибор ёрқин ифодасини топди. 

– Сайёр қабулларда юртдошларимизнинг ҳуқуқий билими ва маданияти юксалиб бораётганини ҳис қилиш кишини қувонтиради, – дейди Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Э.Боситхонова. – Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилининг ўтган олти ойида фуқаролар ўз ҳукуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳаёт тарзидаги муаммоларга нисбатан онгли позицияда туришнинг оптимал тамойилларини ўзлаштирди. Бу жойларда олиб борилаётган халқ билан мулоқот, тарғибот тадбирлари, сайёр қабуллар самарасидир. 

Қабуллар жараёнида хотин-қизлар қўмиталари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, фаоллар билан мулоқот ўтказилди. Аҳолини қийнаётган муаммолардан келиб чиққан ҳолда, ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича мутасаддилар олдига аниқ вазифалар қўйилди. Шундай сайёр қабуллар Янгиқўрғон ва Учқўрғон туманларида ҳам бўлиб ўтди. 

Сайёр қабулларда Наманган вилояти ҳокими Х.Бозоров сўзга чиқди.

 

Акрамжон Сатторов, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться