Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Тадбиркорлар ярим соатда давлат рўйхатидан ўтмоқда

2017-07-03 | Иқтисодиёт

Шу йилнинг 1 апрелидан бошлаб тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйиш ягона интерактив давлат хизматлари портали – my.gov.uzга интеграциялашган онлайн тизим орқали амалга оширилмоқда. Натижада шу пайтга қадар бу жараён икки иш кунини ташкил этган бўлса, ҳозирги пайтда ярим соат кифоя қилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 28 октябрдаги «Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ йўлга қўйилган янги автоматлаштирилган тизимдан шу кунгача 1 минг 644 якка тартибдаги тадбиркор, 1 минг 506 юридик шахс давлат рўйхатидан ўтган. 

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигида ҳудудларда қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш бўйича амалга оширилаётган ишларга бағишлаб ўтказилган анжуманда қайд этилганидек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастури мамлакатимизда тадбиркорлик ривожини янги босқичга кўтаришда муҳим дастуриламал бўлмоқда. 

Жорий йилнинг ўтган даврида ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш, тадбиркорлик субъектлари фаолияти учун максимал даражада қулай шарт-шароитларни яратишга қаратилган Ўзбекистон Республикасининг учта қонуни, Президентимизнинг 30 га яқин фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг 25 қарори қабул қилинди. 

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 31 январдаги «Кичик ва хусусий тадбиркорликни микрокредитлаш тизимини янада кенгайтириш ва соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ва 17 мартдаги «Тадбиркорлик субъектлари ва кенг аҳоли қатламига микрокредитлар ажратиш тизимини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорларига мувофиқ, микрокредитлаш учун қамраб олинадиган шахслар орасида устувор контингентлар ҳисобланган ўрта-махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасалари битирувчилари, муддатли ҳарбий хизматдан қайтган шахслар, меҳнат органларида рўйхатга олинган банд бўлмаган фуқаролар, оилавий ва хусусий тадбиркорлик билан шуғулланаётган аҳоли, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тавсияномалари бўйича ишга жойлашишга эҳтиёжманд одамлар энг кам иш ҳақининг 200 баробаригача миқдорда микрокредитлар олиш ҳуқуқига эга бўлди. 

Янги рўйхатдан ўтган юридик шахс ташкил этмаган тадбиркорлик субъектлари ва кенг аҳоли қатламига микрокредитлар ажратиш механизми соддалаштирилди. Кредитлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари кафиллиги асосида берилиши кўзда тутилди, имтиёзли кредит бериш махсус жамғармаси ҳисобидан олис ва бориш қийин бўлган, меҳнат ресурслари ортиқча бўлган ҳудудлар аҳолиси учун энг кам иш ҳақининг 20 баробаридан 100 баробаригача миқдорда кредитлаш белгиланди. 

Тадбиркорга 16 турдаги рухсатномани битта жойдан олиш имконини бераётган давлат хизматларини кўрсатувчи «ягона дарча» марказларида жорий йил сўнгига қадар яна 18 турдаги хизматни жорий этиш кўзда тутилмоқда. 2018 йил 1 январдан бошлаб «ягона дарча» марказлари орқали тақдим этиладиган лицензия ва рухсатномаларни қоғоз шаклидаги махсус бланкаларда мажбурий расмийлаштириш талаби бекор қилинади. 

Президентимизнинг шу йил 19 июндаги «Бизнеснинг қонуний манфаатлари давлат томонидан муҳофаза қилиниши ва тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони билан Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тизими тубдан қайта ислоҳ этилиши белгиланди. 

Эндиликда Палата томонидан меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг тадбиркорлик фаолиятига таъсири ўрганилиб, хулоса берилади. Бу эса қабул қилинаётган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда бизнес манфаатларининг инобатга олинишига хизмат қилади. 

Матбуот анжуманида журналистлар саволларига мутахассислар жавоб қайтарди.

 

Беҳзод Бозоров, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться