Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Аҳоли арзон ва сифатли дори воситалари билан таъминланмоқда
2017-07-03 | Иқтисодиёт
Ўзбекистон Миллий матбуот марказида «Дори-дармон» акциядорлик компанияси томонидан аҳолининг сифатли дори воситаларига бўлган эҳтиёжини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар, истиқболдаги вазифаларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, «Дори-дармон» акциядорлик компанияси масъул ходимлари иштирок этган тадбирда мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида фармацевтика саноатини ривожлантириш, аҳоли ва даволаш муассасаларини сифатли, хавфсиз ва арзон дори воситалари билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 31 октябрдаги «Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори бу борадаги ишлар кўламини кенгайтариш, халқимизни арзон ва сифатли дори-дармон воситалари ҳамда тиббиёт буюмлари билан таъминлаш даражасини оширишда муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Мамлакатимиз аҳолиси ва даволаш-профилактика муассасаларини кенг ассортиментдаги сифатли дори воситалари билан таъминлашда «Дори-дармон» акциядорлик компаниясининг ҳам ҳиссаси бор. Ҳозир компания таркибида 8 акциядорлик, 12 масъулияти чекланган жамият, 17 дори омборхонаси, 15 назорат-таҳлил лабораторияси ҳамда мамлакатимизнинг барча ҳудудида 1 минг 400 дан ортиқ дорихона фаолият кўрсатмоқда.
Компания таркибидаги дорихоналарнинг 76 фоиздан ортиғи қишлоқларда жойлашган бўлиб, жорий йилнинг ўтган даврида қишлоқ аҳолисига 15,9 миллиард сўмлик савдо хизмати кўрсатилган.
– Компаниямиз аҳолининг арзон ва сифатли дори-дармон воситаларига бўлган талабини қондириш мақсадида мамлакатимизнинг олис ҳудудларида фаолият юритувчи кўчма дорихоналарни ташкил этди, – дейди «Дори-дармон» акциядорлик компанияси бошқаруви раиси Абдуғани Комилов. – Айни пайтда компаниянинг махсус жиҳозланган «Isuzu» русумли изотермик автофургонларида 14 кўчма дорихона фаолият кўрсатмоқда. Бундан ташқари, «Damas» русумли автомашиналарда қўшимча равишда яна 100 кўчма дорихона ташкил этилган.
Аҳолининг сифатли ва арзон нархлардаги дори воситаларига бўлган талабини қондириш мақсадида компания томонидан жорий йил охиригача 5 инвестицион лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Булар Қашқадарё вилоятидаги эфир мойлари, экстрактлар ҳамда кукун шаклидаги антибиотиклар ишлаб чиқаришга мўлжалланган корхоналар, Бухоро вилоятидаги доривор ўсимликлардан кукун шаклидаги дори воситаларини ишлаб чиқариш корхонаси, Сурхондарё вилоятидаги доривор ўсимлик ва гиёҳлар асосида дори воситалари ва биологик фаол қўшимчаларни ишлаб чиқариш корхонаси ҳамда Наманган шаҳридаги доривор мойларни ишлаб чиқариш, қадоқлаш лойиҳаларидир.
Истеъмолчилар «Дори-дармон» акциядорлик компанияси таркибига кирувчи дорихоналардаги дори воситалари ва тиббий буюмларнинг сифати, нархи билан боғлиқ тушунмовчиликларга дуч келса, компаниянинг “Ишонч телефони” орқали муаммосига тезда ечим топмоқда. Ҳар бир мурожаат компания масъул ходимлари томонидан кўриб чиқилиб, назоратга олинади. Улар қонун доирасида ҳал этилмоқда.
Журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Манба: ЎзА